Yangi hujjatlar

Тест натижасидан норози бўлган абитуриентлар учун апелляция бериш муддати 30 кундан 15 кунга ўзгартирилди

2014 йил 27 июнь кунидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомга қатор ўзгартиришлар киритилди.

Айтиш жоизки, киритилган ўзгартиришлар бирон жиддий тартиб қоидани ўзгартиргани йўқ. Асосан, амалиётда мавжуд бўлган ҳолатларни Низомга киритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзаро мослаштириш каби мақсадлар кўзланган.

Масалан, Низомга ўзбек гуруҳларига ҳужжат топширган абитуриент ўз аризасига асосан тест синовларини ўзбек тилида лотин ёки кирилл алифбосида топшириш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилди. Бу қоида илгари бирон норматив-ҳуқуқий ҳужжатда мавжуд бўлмаса ҳам, аммо барча ОТМларда ҳужжат топшираётган абитуриентдан тест синовларини қайси алифбода топшириши сўралар эди. Ҳаттоки кирилл алифбосида тест имтиҳонларини топширадиган абитуриентлар учун алоҳида гуруҳлар шакллантирилиб, унга фақат кирилл алифбосида ўқиган абитуриентлар киритилар эди.

Абитуриентлар эътибор қаратиши лозим бўлган ягона жиддий ўзгартириш, бу тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар учун апелляция бериш муддатининг ўзгартирилганидир. Бу бўйича Низомга қуйидаги янги банд қўшилди:

Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриент тест синовлари натижаси эълон қилинган кундан бошлаб ўн беш кун давомида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига ёзма тартибда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директорининг 2011 йилнинг 6 июлдаги буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, апелляция бериш муддати 30 кун қилиб белгиланган эди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида эса ушбу муддат 15 кун қилиб белгиланди. Таъкидлаш жоизки, ҳозир иккита ҳужжатда икки хил муддат. Бирида 15 кун, иккинчисида 30 кун. Аммо Вазирлар Маҳкамасининг қарори ДТМ директори буйруғидан устун туради, шу сабабли 15 кун ҳақиқий муддат деб ҳисобланади.

Шу сабабли, абитуриентлар мазкур ўзгартиришни назардан четда қолдирмасликларини сўрар эдик.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (18)
  • Йўқ (6)
  • Бироз (4)

4 фикр

  1. DTM ham Vazirlar mahkamasiga bo‘ysunib, qarorga asosan 15 kunga qisqartirilgani haqida e’lon qilsa bo‘larmidi 😛

  2. 15-kuni ham apilatsiya bershim mumkinmi

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига