Yangi hujjatlar

Амнистия кимларга қўлланилади? (батафсил шарҳ)

2014 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида” Қарор қабул қилди.

Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов амнистия тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилиш ҳақида Олий Мажлис Сенатига тақдимнома киритган эди ҳамда мазкур тақдимнома асосида амнистия актининг лойиҳаси Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан муҳокама қилиниб, у ҳақда қарор қабул қилинди.

Мазкур йилдаги амнистия актининг ўтган йиллардагидан фарқли томонлари мавжудлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Энг катта ўзгаришлардан бири, Жиноят кодексининг 168-моддасида кўрсатилган жиноятни, яъни фирибгарлик жиноятини содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга амнистия акти қўлланилмайдиган бўлди. Бундай банднинг киритилиши фирибгарлик натижасида моддий зарар кўрган жабрланувчиларнинг фойдасига хизмат қилиши шубҳасиз.

Шунингдек, муқаддам амнистия акти бўйича жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод бўлган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга амнистия акти қўлланилмаслиги ҳақидаги қоидаларга ўзгариш киритилди. Ўтган йилларда ушбу қоида фақат уч тоифа шахсларга тадбиқ этилар эди. Жорий йилдаги амнистияга кўра, бу барча шахсларга тааллуқли эканлиги белгиланди. Яъни муқаддам амнистия акти қўлланган аёллар, вояга етмаганлар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлатлар фуқаролари, I ва II гуруҳ ногиронлари яна қасддан жиноят содир этган бўлса, уларга амнистия акти тадбиқ этилмайди. Аввал бундай тартиб-қоида йўқ эди. Ўтган йилларда юқорида саналган тоифадаги шахслар амнистия акти асосида жазодан озод бўлиб, яна қасддан жиноят содир этган бўлса ҳам, уларга нисбатан амнистия акти яна қўлланилар эди.

Бундан ташқари, яна бир янгиликлардан бири, жорий йилда муқаддам афв этиш тартибида жазодан (жавобгарликдан) озод қилинган шахслар яна қасддан жиноят содир этган бўлса, уларга нисбатан ҳам амнистия акти қўлланилмайди.

Жорий йилдаги асосий ўзгаришлар шулардан иборат.
Энди асосий саволга жавоб берамиз: Жорий йилда амнистия акти кимларга нисбатан қўлланилади?

Мазкур ҳужжатнинг 1-бандига мувофиқ, қуйидаги маҳкумлар жазодан озод қилинади:
а) аёллар;
б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар;
в) 60 ёшдан ошган эркаклар;
г) чет давлатлар фуқаролари;
д) I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликларга чалинган деб топилган шахслар.

Қарорнинг 2-бандига мувофиқ, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек қасддан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилиниши белгиланди.

Қарорнинг 3-бандига кўра, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йил-у олти ойдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар жазодан озод қилиниши белгиланган.

4-бандга мувофиқ, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилиниши кўзда тутилган.

Қарорнинг 5-бандида кимларга нисбатан юритилаётган жиноят ишлари тугатилиши ҳақида баён қилинган. Унга кўра, ушбу Қарорнинг 1 ва 2-бандида қайд этилган шахслар, яъни аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлат фуқаролари, I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликларга чалинган деб топилган шахслар, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек қасддан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этганлар томонидан қилинган жиноятлар юзасидан олиб борилаётган барча ишлар тугатилади. Мазкур банднинг аҳамияти шундаки, юқоридаги шахслар жиноий жавобгарликдан озод этилади, бу эса шу тоифадаги шахслар судланмаган деб топилади дегани.

Қарорнинг 6-бандида амнистия актига асосан жазодан озод қилинмайдиган шахсларнинг жазо муддатини маълум бир қисмга қисқартириш ҳақида баён қилинган. Бунга кўра,
а) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати – учдан бир қисмига;
б) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилади.

Қарорнинг 7-бандида, амнистия актига тушмайдиган шахслар рўйхати саналган. Унга кўра, мазкур узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга; муқаддам афв этиш ёки амнистия тартибида жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга тадбиқ этилмайди.
Шунингдек,
– ушбу Қарор 1-бандининг амал қилиши – ўта оғир жиноят содир этган шахсларга;
– ушбу Қарор 1-3, 5-бандларининг амал қилиши – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга;
– 1-3, 5, 6-бандларининг амал қилиши – тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланган шахсларга нисбатан тадбиқ этилмаслиги белгиланган.

Қарорнинг 8-бандида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қўмита ва комиссиялари ушбу Қарорнинг қўлланилиши тартиб-таомилларининг очиқ-ошкоралиги амалга оширилишида сенаторлар ва депутатлар корпусининг бевосита иштирокини таъминлаши белгилаб қўйилди.

Ушбу Қарор амалга оширилиши юзасидан масъуллик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилди (9-банд).

Шунингдек, 10-бандга кўра, амнистия акти тўғрисидаги Қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради ва уч ой мобайнида ижро этилиши лозим.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (16)
  • Йўқ (6)
  • Бироз (4)

Битта фикр

  1. Shaxsan manga kerak bo’lgan juda zarur infolat borakan. Saytni kelajegiga Omad.

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига