Yangi hujjatlar

Амнистия қачон эълон қилинади?

Хабарингиз бор, ҳар йили республикамизда давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутувчи байрамлар ва саналар арафасида халқимизга хос бўлган кечиримлилик, инсонпарварлик, бағрикенглик каби азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этган ҳужжат – амнистия акти қабул қилиб келинмоқда.

АМНИСТИЯ НИМА?

«Амнистия» сўзи грек тилидан олинган бўлиб, гуноҳдан ўтиш, кечириш деган маънони англатади. Юридик нуқтаи назардан қараганда, амнистия акти бирон-бир ҳуқуқбузарлик, яъни маъмурий ёки жиноий қилмиш содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир.

АМНИСТИЯ АКТИ КИМ ТОМОНИДАН ВА ҚАЙ ТАРТИБДА ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ?

Мавжуд қонунчилигимизга биноан амнистия акти Президент тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинади.

Батафсилроқ тўхталадиган бўлсам, Конституциямизнинг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Президенти «амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Олий Мажлис Сенатига тақдимнома киритиш» ҳуқуқига эга.

Олий Мажлис Сенати эса, Конституциямизнинг 80-моддаси 10-бандига кўра, мазкур тақдимнома асосида ўзининг мутлақ ҳуқуқларидан бири ҳисобланган «амнистия тўғрисидаги ҳужжатни» қабул қилади. Яъни Сенатнинг ялпи мажлисида амнистия тўғрисидаги масала сенаторлар томонидан муҳокама қилиниб, у ҳақда қарор қабул қилинади.

МАЗКУР ЙИЛДА АМНИСТИЯ ҚАЧОН ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ?

Бу саволнинг жавоби қуйидагича:

Юқоридаги қонунчилик нормаларидан аён бўлдики, амнистия қабул қилиниши учун асосий шартлардан бири бу Сенатнинг ялпи мажлиси ўтказилиши ва унда сенаторлар томонидан амнистия акти муҳокама қилингандан кейингина қабул қилинишидир.

Олий Мажлис Сенатининг матбуот хизмати берган хабарга кўра, жорий йилдаги навбатдаги ялпи мажлис 3 декабрь куни чақирилади. Одатда Сенатнинг ялпи мажлислари 2 иш кунида бўлиб ўтади ва амнистия актининг муҳокамаси иккинчи иш куни кун тартибига киритилади.

Агар фавқулодда ҳолатлар юз бермаса, мазкур ялпи мажлис жорий йилдаги энг сўнги ялпи мажлис бўлади.

Энди асосий саволга қайтамиз.

Агар жорий йилда Конституция қабул қилинганлигининг 23 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилинадиган бўлса, унда ушбу амнистия акти 4 декабрь куни Сенат томонидан қабул қилиниши мумкин.

Эслаб қолинг: ҳозирча Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар батафсил эълон қилинмаганлиги учун амнистия эълон қилиниш санаси – оддий бир мутахассис тахмини холос.

АМНИСТИЯ АКТИ ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ МАЪЛУМОТЛАР

Мустақиллик йилларида жами 25 та амнистия акти қабул қилинди. Шундан 15 таси, аниқроқ айтадиган бўлсам, 1991 йилдан токи 2004 йилгача бўлган даврда, Президент фармони асосида қабул қилинди. 2005 йилдан юртимизда икки палатали парламент ташкил этилгач, мазкур ваколат айнан Сенатнинг мутлақ ваколатларидан бири сифатида Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилди. Ўтган давр мобайнида Олий Мажлис Сенати томонидан 10 та амнистия акти қабул қилинди.

Илк амнистия акти 1991 йил 31 августда Президент Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилиниши муносабати билан эълон қилинган эди.

Одатда амнистия акти бир йилда бир марта эълон қилинади. Лекин 1992 ҳамда 2003 йилларда бир йилда икки марта амнистия акти эълон қилинган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, амнистия билан боғлиқ ҳужжатнинг муҳимлиги, уни амалиётда қўллашда бирон-бир хатоликка йўл қўймаслик, тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги учун амнистия тўғрисидаги актни қабул қилиш баробарида, мазкур ҳужжатни қўллаш билан боғлиқ низомлар тасдиқланади.

Хўш, ўтган йилларда амнистия актига қандай ўзгаришлар киритилган?

1998 йилдан бошлаб амнистия ҳужжати билан маълум бир тоифадаги маҳкумларга нисбатан жазонинг ўталмай қолган қисмини қисқартиришга оид қоида жорий этила бошланди, яъни озодликдан маҳрум қилиш каби жазоларнинг учдан бир ёки тўртдан бир қисми қисқартирилгани уларнинг ахлоқан тузалиш йўлига тезроқ ўтиши учун имкон яратмоқда. Илгари бундай қоида йўқ эди. Маҳбус ёки бутунлай озодликка чиқарди, ёки унинг аҳволи ўзгармасди.

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Фармонидан (2000 йил) бошлаб ҳозирга қадар амнистия ҳужжатларида, мазкур ҳужжат таъсирига тушган чет эл фуқароларини жазодан озод этишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Фармондан (2001 йил) бошлаб эса, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибидаги тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод этилиши йўлга қўйилган.

Шунингдек, 2008 йилда қонунчилигимизга киритилган ўзгаришга биноан, амнистия ҳужжатини қўллаш масаласининг фақат судлар томонидан ҳал қилинишининг белгилангани ҳам катта аҳамиятга эга.

2014 йилдаги амнистия актида ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ, Жиноят кодексининг 168-моддасида кўрсатилган жиноятни (фирибгарлик) содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга амнистия акти қўлланилмайдиган бўлди.

Бундан ташқари 2014 йилда муқаддам амнистия акти бўйича жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод бўлган ва яна қасддан жиноят содир этган барча шахсларга амнистия акти қўлланилмаслиги белгиланди.

2014 йилдаги яна бир янгиликлардан бири, муқаддам афв этиш тартибида жазодан (жавобгарликдан) озод қилинган шахслар яна қасддан жиноят содир этган бўлса, уларга нисбатан ҳам амнистия акти қўлланилмайдиган бўлди.

Эълон қилинган амнистия актлари ҳақида маълумот:

Конституция байрами муносабати билан (13 та): 1993, 1997, 1998, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2011, 2012, 2013, 2014.

Мустақиллик байрами муносабати билан (9 та): 1991, 1992, 1994, 1996, 2000, 2001, 2008, 2009, 2010.

БМТга аъзо бўлган кун муносабати билан: 1992.

9 май – Хотира ва қадрлаш байрами муносабати билан: 1999.

Ғалабанинг 50 йиллиги муносабати билан: 1995.

АМНИСТИЯ АКТИГА ОИД МАҚОЛАЛАР

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (42)
  • Йўқ (4)
  • Бироз (3)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига