Янги ҳужжатлар

Барча партияларга президент сайловида қатнашишга ижозат берилди

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси мамлакатда рўйхатан ўтган барча тўрт сиёсий партияга 4 декабрда бўлиб ўтадиган президент сайловида иштирок этишга ижозат берди. Бу ҳақда Тошкентда ўтказилган брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов журналистларга маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta.uz нашри.

Президент сайловида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси иштирок этади.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига рўйхатга олинганлик гувоҳномаларини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини берди.

Эндиликда ҳар бир сиёсий партия томонидан сайловда иштирок этадиганларнинг 1 фоизи, яъни, жами 21,435 миллион кишининг энг камида 241,35 минг имзосини тўплаш талаб этилади.

Бу имзолар 14 маъмурий-ҳудудий тузилма (Қорақалпоғистон, вилоятлар ва пойтахт)нинг камида 8 таси сайловчиларини қамраб олиш демакдир. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида сиёсий партия имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

Анжуманда журналистлар Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари тузилганлиги ҳақида хабардор қилинди. Округ сайлов комиссияларининг 56,6 фоизи аввалги сайловларда амалий тажриба тўплаган, жамиятнинг обрўли вакилларидир. Комиссия аъзоларининг 56 нафари, яъни 36,8 фоизи хотин-қизлардир, уларнинг 12 нафари эса сайлов комиссияларининг раҳбариятидан жой эгаллаган.

Айни вақтда Марказий сайлов комиссияси 400 нафар хорижий ва маҳаллий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (7)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига