Янги ҳужжатлар

Блогерлар чемпионатига ҳозирча 60 дан ортиқ ариза келиб тушди

21 март куни ўзбек блогерлари ўртасидаги иккинчи чемпионатга старт берилган эди.

Ҳозиргача танловга 63 та ариза келиб тушди.

Танловга келиб тушаётган блогпостлар турли мавзуда, турли жанрда бўлиб, улар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

http://blog.telegraf.uz сайтида танлов учун тақдим этилган ишларга ҳакамлар томонидан берилган баҳоларни ўша заҳотиёқ кўриш имкониятининг борлиги кўпчиликда янада қизиқиш уйғотмоқда ва турнирга ўзгача руҳ бахш этяпти.

Блогпостларга ҳакамлар томонидан қўйилаётган баҳоларни кўриш

Блогпостларга ҳакамлар томонидан қўйилаётган баҳоларни кўриш

Яна бир эътиборли томони, сайтда блогпостларга муштарийлар томонидан кўплаб фикрлар билдирилмоқда. Ҳозирча жами изоҳлар сони 573 тани ташкил қилмоқда. Бу ўртача, ҳар бир блогпостга 9,5 тадан изоҳ қолдирилган дегани.

Шунингдек, сайтда блогпостлар рейтинги ҳам мавжуд бўлиб, унда ким етакчилик қилаётганини кўриш мумкин.

ТОП-10 блогпостлар рейтинги

ТОП-10 блогпостлар рейтинги

Эслатиб ўтаман, блогерлар чемпионати 3 босқичда ўтказилади ва биринчи босқич учун аризалар 2 апрель кунигача қабул қилинади. Биринчи босқичда иштирокчилар сони чекланмаган бўлса, иккинчи босқичда (7-14 апрель) 30 нафар энг яхши блогер куч синашади. Финал босқичида эса (19-26 апрель) 10 нафар блогер ғолиблик учун кураш олиб боради.

Танловда нафақат блоги борлар, балки блог юритмайдиган шахслар ҳам бемалол иштирок этиши мумкин. Улар ўз ишларини uzblogerlar@gmail.com электрон манзилига юборишлари мумкин, уларнинг ишлари Fikr.uz сайтида эълон қилинади.

Чемпионат Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг молиявий кўмагида ташкил қилинаётган бўлиб, 1-ўринга 4 млн. сўм, 2-ўринга 2 млн. сўм, 3-ўринга 1 млн. сўм мукофот берилади.

Шунингдек, қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади, хусусан, “Ватанпарвалик мавзусида ёзилган энг яхши иш” (750 минг сўм), “Ўзбекистонда ёшлар ҳаётини ёритган энг яхши блогер” (500 минг сўм), “Ижтимоий муаммоларни ноодатий тарзда ёритган блогер” (энг сара бадиий китоблар тўплами), “Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган энг яхши блогер” (500 минг сўм), “IT Blog” (3 нафар блогерга 2 йил муддатга 500 мб. хостинг ажратади ҳамда танланган блогерларга www.index.uz техноблогида 3 та текин PR-мақола жойлаштириш ҳуқуқи) номинациялари мавжуд.

Бундан ташқари, “Ўз ишларида ўзбек тилининг имло қоидаларига амал қилган энг яхши блогер” номинацияси ҳам ташкил қилинган бўлиб, ғолибга Ўзбекистон Миллий энциклопедиялар тўплами (13 та том) тақдим этилади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (4)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига