Янги ҳужжатлар

Ўзбекистонда мактабгача таълим тизими такомиллаштирилади

2016 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Қарор матни, ЎзАда эълон қилинди.

Қарорда бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларининг таълим дастурлари ва ўқув-тарбиявий режаларига қўйилган давлат талабларини такомиллаштириш долзарб масалалигича қолаётганлиги, аксарият мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси замон талабларига жавоб бермаслиги ҳамда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичи ҳамон пастлигича қолаётганлиги таъкидланган.

Қарор асосида тасдиқланган дастур асосида қуйидаги кенг кўламли комплекс тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:

болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда зарур шарт-шароитлар яратиш;

мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув режа ва дастурларини замонавий педагогик технология ва методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш;

2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан қишлоқ аҳоли пунктларида янги мактабгача таълим муассасаларини қуриш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун жами 2.2 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Қарор билан белгиланган комплекс тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида қуйидагиларга эришилади:

юқори сифатли мактабгача таълимни таъминлаш, болаларни сифатли мактабга тайёрлашни тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига муқобил дастурларни жорий этишга;

болаларни мактабга тайёрлашнинг муқобил шакли бўлган 6100 та қисқа муддатли гуруҳни ташкил этишга;

3-6 ёшдаги мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган болаларни уларнинг ота-оналарини методик қўлланмалар билан таъминлаш орқали мактаб таълимига тайёрлашни ташкил этишга;

мактабгача таълим муассасалари тармоғини 50 та янги қурилиш ҳамда мавжуд муассасаларнинг 1167 тасини реконструкция қилиш ва 983 тасини мукаммал таъмирлаш орқали кенгайтиришга;

қишлоқ жойлардаги мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар бадал тўловини 30 фоизгача камайтиришга;

болаларнинг мактабгача таълимга қамровини 1,5 баробар оширишга.

Дастурнинг самарали амалга оширилиши унда кўзда тутилган кўрсаткичлар ижросининг боришини тизимли мониторинг қилиб бориш орқали давлат органларининг доимий назоратида бўлади.

Қарорнинг амалга оширилиши давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида республикамизнинг узлуксиз таълим тизимини янада ислоҳ қилиш борасидаги ривожланиш йўлининг узвий ва босқичма-босқичлигини таъминлайди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (27)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (1)

Битта фикр

  1. Uglim mtmga qatnaydi shu yilning yanvar oyidan boshlab badal puli 20ming sumga oshgan shu tugrimi hamma joylarda shunday oshirilganmi?

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига