Yangi hujjatlar

Архитектура ва қурилиш қўмитасига хат

Ушбу мақола “Тилга эътибор – элга эътибор” лойиҳаси доирасида чоп этилган. Лойиҳа ҳақида батафсил қуйидаги манзилда ўқинг.

 
Куни кеча Xushnudbek.uz сайти орқали «Тилга эътибор – элга эътибор» номли кичик лойиҳа ҳақида эълон қилган эдим. Ушбу лойиҳа доирасида давлат органларининг расмий сайтларида давлат тилида иш юритиш даражасини таҳлил қилишга уриниб кўрдим. Таҳлил ўз ичига 91 та сайтни қамраб олди. Бу ҳақида батафсил ва тўлиқроқ мақолани тез орада эълон қиламан.

Таҳлил давомида ажойиб иккита ҳолатга дуч келдим. Яъни Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда «Ўзкоммунхизмат» агентлигининг расмий сайтларининг домени номида имловий хатолик мавжуд экан. Сайт контентидаги имловий хатоларга балки кўз юмиш мумкиндир, аммо домен номида хато бўлиши бу ўта жиддий масала. Шуни инобатга олиб, иккала давлат органига ҳам тегишли тартибда таклиф билан мурожаат қилдим. Ушбу юборилган хат матни билан қуйида танишишингиз мумкин. («Ўзкоммунхизмат» агентлигига юборилган хат)

Давлат органидан жавоб олсам, бу ҳақида Сизларни хабардор қиламан.

Ушбу хат My.gov.uz – Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 25 октябрь куни юборилган.

ariza

Давлат архитектура
ва қурилиш қўмитаси
раиси Б.И.ЗАКИРОВга

Ҳурматли Ботир Иркинович!

Аввало Сиз ва Сиз раҳбарлик қилаётган қўмита ходимларига архитектура ҳамда шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш йўлида олиб бораётган заҳматли меҳнатларингиз учун ташаккур изҳор қилмоқчиман.

Шу ўринда, қўмитанинг келгусидаги фаолиятига улкан зафарлар тилаган ҳолда, Сизга кичкина бир таклиф билан мурожаат қилишни ният қилдим.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №355-сонли қарори асосида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талаблар тасдиқланган. Унда расмий веб-сайтдаги ахборотлар давлат тилида тақдим этилиши кераклиги белгиланган.

Қолаверса, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 7-моддасида давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилиши белгилаб қўйилган.

Сиз раҳбарлик қилаётган Қўмитанинг расмий веб-сайти манзили www.davarh.uz доменида жойлашган бўлиб, эътибор берсак, домен номида имловий хатолик мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Davarh – бу «давлат» ҳамда «архитектура» сўзларининг қисқартмасидан олинганлиги тушунарли. Аммо «архитектура» сўзи «arh» шаклида қисқартирилган. Аслида эса имло қоидалари бўйича «arx» (arxitektura) бўлиши керак.

«UZ» домени маъмуриятининг расмий веб-сайти (www.cctld.uz) берган маълумотга кўра, бугунги кунда www.davarx.uz домен номи банд қилинмаган (сайтнинг бу ҳақидаги маълумотидан скриншот илова қилинади).

Шу сабабли, Қўмитани жамият ва фуқаролар билан боғлаб турувчи асосий кўприк ҳисобланган расмий веб-сайт манзилини ўзбек тилининг имло қоидаларига асосланган ҳолда www.davarx.uz манзилига ўзгартиришингизни таклиф қиламан. Бундай жиддий ва қўпол имловий хатолик Қўмита имиджига ҳамда обрўсига путур етказиши мумкин.

Сизга чексиз ҳурмат билан,

фуқаро Худайбердиев Хушнуд Ғайратович.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (56)
  • Йўқ (5)
  • Бироз (1)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига