Yangi hujjatlar

Президент давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунга имзо чекди

2014 йил 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Қонуннинг расмий матни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида эълон қилинди.

davlat_ochiqligi-tugrisida

Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йил 11 мартда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2014 йил 10 апрелда маъқулланган эди.

Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳаси http://legalexperiment.uz/ сайтида очиқ муҳокамадан ўтганди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2013 йил 20 мартдаги фармойишига мувофиқ “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси синови бўйича Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳуқуқий эксперимент ўтказилди.

Ушбу Қонуннинг асосий мақсади давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунда таъкидланишича, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

  • улар томонидан тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги;
  • улар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг ўз шаъни ва қадр-қимматини тажовузлардан, ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этиш.

Қонуннинг 9-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари қуйидагилардан иборат:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий нашрлари;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг, шунингдек ушбу органлар томонидан ваколат берилган мансабдор шахсларнинг чиқишлари ва баёнотлари;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматларининг хабарлари;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари расмий веб-сайтларининг материаллари;
  • оммавий ахборот воситаларининг материаллари.

Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтлари ҳақида ҳам сўз юритилган бўлиб, унга кўра расмий веб-сайтлардаги ахборот давлат тилида жойлаштирилиши керак. Расмий веб-сайт бошқа тиллардаги шаклларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириладиган ахборотнинг санаси қўйилган бўлиши ҳамда у вақти-вақти билан янгилаб борилиши керак. Ахборотни янгилаб бориш даврийлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланади, лекин у ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги керак.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган ахборот ишончли бўлиши керак ва у оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган ахборот билан тенг кучга эга бўлади.

Қонуннинг 14-моддасига биноан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўзлари эгаллаб турган ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарда ва (ёки) бошқа ажратилган жойларда тегишли органнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот билан ахборотдан фойдаланувчилар танишиши учун ахборот стендларини ва (ёки) шундай мақсад учун мўлжалланган бошқа техник воситаларни жойлаштириши шарт.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳайъат мажлислари очиқ тарзда ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўзларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратади.

Агар ахборотдан фойдаланувчи шахс давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров юборса, унда ушбу сўров рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак.

Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилади.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланган бўлиб, у 2014 йилнинг 6 май санасидан кучга кирди.

Қонун 4 боб ва 24 моддадан иборат бўлиб, унинг таркибий тузилиши қуйидагича:

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари
2-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
3-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси
4-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари
5-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот
6-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборот
7-модда. Ахборотдан фойдаланувчи ва унинг ҳуқуқлари
8-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатлари
9-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари
10-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизмати

2-боб. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш тартиби

11-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари
12-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш)
13-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтлари
14-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналар ва жойларга жойлаштириш
15-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш
16-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш
17-модда. Оммавий ахборот воситалари вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини таъминлаш

3-боб. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровни кўриб чиқиш тартиби

18-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров
19-модда. Сўровни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби
20-модда. Сўровга қўйиладиган талаблар

4-боб. Якунловчи қоидалар

21-модда. Низоларни ҳал этиш
22-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
23-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
24-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (7)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Битта фикр

  1. Жуда керакли сайт экан. Я еще вернусь.Удачи,Хушнудбек!

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига