Янги ҳужжатлар

ЕР СОЛИҒИ ТЎЛАШДАН ОЗОД ҚИЛУВЧИ ИМТИЁЗЛАР

ЕР СОЛИҒИ ТЎЛАШДАН ОЗОД ҚИЛУВЧИ ИМТИЁЗЛАР – баъзи тоифадаги юридик ва жисмоний шахсларга берилган. Қуйидаги юридик шахслар ер солиғи тўлашдан озод этиладилар: 1) нотижорат юридик шахслар (бюджетдан молиявий таъминламаган бошқарув органлари ва илмий–тадқиқот муассасалари бундан мустасно), ер участкаларидан тадбиркорлик фаолияти йўлида фойдаланаётганларидан ташқари. Нотижорат ташкилотлар деганда фақат давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молияланган, харажатларни қоплаш учун тасдиқланган сметалар борасида бюджетдан дотация оладиган корхона, муассаса, ташкилотлар; хайрия бирлашмалари, уюшмалар, яъни тадбиркорлик фаолиятидан даромад олишни кўзламайдиган ташкилотлар тушунилади; 2) маданият, маориф, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот муассасалари. Бундай муассасаларга кутубхона, музей, клуб, мактабдан ташқари тарбия муассасалари, маданият ва истироҳат боғлари, ботаника, ҳайвонот боғлари, телевидение, радио компаниялари, театр, кинотеатр, цирклар, киностудиялар, маориф муассасалари, болалар уйлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, ногиронлар ва қариялар уйлари ва б. киради; 3) деҳқон (фермер) хўжаликлари давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб 2 й. муддатга; 4) чет эл инвестицияси иштирокидаги ишлаб чиқариш фаолияти б-н шуғулланувчи корхоналар рўйхатга олингандан бошлаб 2 й. муддатга; 5) ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизини ногиронлар ташкил этадиган корхоналар (савдо, воситачилик, таъминот, сотиш ва тайёрлов фаолияти б-н шуғулланадиган юридик шахслар бундан мустасно); 6) “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, ЎзР Қизил Ярим Ой жамияти, “Нуроний” жамғармаси корхоналари, бўшатиб олинаётган маблағлардан ўзларининг уставида белгиланган вазифаларини бажариш учун фойдаланиш шарти б-н; 7) Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент ш.ларида янги ташкил этилган туристик фаолият б-н шуғулланувчи корхоналар ташкил топган пайтдан эътиборан биринчи фойда олгунига қадар, бу муддат улар рўйхатга олингандан бошлаб уч й.дан ошмаслиги лозим; 8) ЎзР Марказий банки ва унинг муассасалари. Қуйидаги жисмоний шахслар ер солиғи тўлашдан озод қилинадилар: 1) яйлов чорвачилигининг чўпонлари, йилқибоқарлари, механизаторлари, ветеринар врачлари ва техниклари; 2) “Ўзбекистон Қаҳрамони”, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамонлари, учала даражали Шуҳрат ордени б-н тақдирланганлар, 1941–1945 й.даги уруш ногиронлари ва қатнашчилари; 3) Хизматни Афғонистон Республикасида ва жанговор ҳаракатлар олиб борилган бошқа мамлакатларда вақтинча бўлган қўшинларнинг чекланган контингенти таркибида ўтаган ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқув ва синов йиғинларига чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар; 4) ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари – хизмат муддати давомида; 5) 1 ва 2 гуруҳ ногиронлари; 6) ёлғиз пенсионерлар; 7) боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар; 8) концентрацион лагерларнинг собиқ ёш тутқунлари, Чернобиль АЭС даги фалокат оқибатларини тугатишда иштирок этган шахслар; 9) кўчириб келтирилган фуқаролар келиб жойлашган ер участкалари бўйича ер участкаси берилган вақтдан эътиборан беш й.гача; 10) илгари шахсий пенсия тайинланган шахслар. Имтиёз ҳуқуқи ер солиғини тўлашдан озод қилинган шахс яшайдиган ва биргаликда хўжалик юритадиган бутун оилага қўлланилади. (муал. – М.Усмонов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига