Yangi hujjatlar

Гулчамбар қўйиш маросимининг ҳуқуқий асоси

Юртимизда нима кўп, байрамлар кўп. Ўзбек халқига байрамлар ярашиши бежиз эмас аслида. Бугун биз байрам тантаналари чоғида бажарилиши лозим бўлган “Мустақиллик ва эзгулик” монументи пойига расмий гулчамбар қўйиш маросими ҳақида гаплашамиз. Бу ҳолат ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали кўп бора ўқиганмиз, ойнайи жаҳон орқали эса гувоҳи бўлганмиз. Хўш, аслида бу маросим қаердан келиб чиққан? Бунинг бирон ҳуқуқий асоси борми ёки шунчаки удумми?

Мазкур мавзу юзасидан сўз очар эканмиз, энг аввало Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 3 февралдаги “Мустақиллик ва эзгулик монументи тўғрисида”ги ПҚ-275-сонли қарорига мурожаат қилишимиз зарур. Мазкур Қарорга кўра Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдонида бунёд этилган, ўзида Мустақиллик ҳайкали ва Бахтиёр она сиймосини мужассам этган янги монументга Мустақиллик ва эзгулик монументи деб ном берилади.

Айнан мана шу Қарорда Ўзбекистон Республикасининг умумхалқ байрамлари ҳамда давлат миқёсидаги бошқа тантанали маросимларда Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйиш расмий маросими жорий этилган. Унга кўра қуйидаги умумхалқ байрамларида гулчамбар қўйиш расмий маросими ўтказилиши белгиланган:

14 январь – Ватан ҳимоячилари кунида Ўзбекистан Қуролли Кучлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан гулчамбар қўйилади.
31 август – Мустақиллик кунида Ўзбекистан Республикаси Президенти томонидан гулчамбар қўйилади.
8 декабрь – Конституция кунида Ўзбекистан Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳамда жамоатчилик вакиллари томонидан гулчамбар қўйилади.
9 май – Хотира ва кадрлаш кунида гулчамбар қўйиш маросими Мотамсаро она ҳайкали пойида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Президент қарорига кўра, гулчамбар қўйиш маросимида 90х110 сантиметр ҳажмидаги гулли сават қўйиш тавсия этилган.

Шунингдек, Ўзбекистонга ташриф буюрадиган чет эл давлатлари раҳбарлари, ҳукумат бошлиқлари, хорижий делегациялар вакиллари ва бошқа расмий меҳмонларнинг давлат протоколига киритилган ҳолатларда Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйиш маросими ўтказилади. Мазкур маросимнинг тартиби қуйидагича ўтказилади:

Мустақиллик ва эзгулик монументига олиб борадиган зинапоя олдидаги майдончага Юксак мартабали меҳмон номидан гул солинган сават қўйилади.
Монумент пойига олиб борадиган зинапоянинг икки тарафида фахрий қоровул ротаси аскарлари саф тортади.
– Юксак мартабали меҳмон Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати вакили ҳамроҳлигида Мустақиллик ва эзгулик монументи олдига келади, бу ерда уларни Тошкент шаҳар ҳокими кутиб олади;
– Тошкент шаҳар ҳокими Юксак мартабали меҳмонни гул солинган сават ёнидаги махсус ажратилган жойни эгаллашга таклиф қилади (1);
– ҳамроҳлик қилувчи шахслар ва делегация аъзолари Юксак мартабали меҳмоннинг орқа тарафида саф тортади ва маросим давомида ўз жойида туради (2);
– фахрий қоровул командири «Қоровул!» деб буйруқ берган ҳолда Юксак мартабали меҳмонни қутлайди;
– фахрий қоровул ротаси аскарлари гул солинган саватни кўтариб, тантанали қадамлар билан Мустақиллик ва эзгулик монументига қараб йўл олади;
– ҳарбий оркестр тантанали мусиқани ижро этади;
– Юксак мартабали меҳмон аскарлар ортидан монументга қараб йўл олади;
– фахрий қоровул гул солинган саватни Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига қўяди ва четга ўтади;
– Юксак мартабали меҳмон гулчамбар олдига келади ва унга боғланган лентани тўғрилаб, енгил бош эгиб, ҳурмат бажо келтиради (3);
– маросим якунига етганидан сўнг Юксак мартабали меҳмон машина олдига қайтади, Тошкент шаҳар ҳокими билан хайрлашади;
– Юксак мартабали меҳмоннинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати вакили ҳамроҳлигида майдондан жўнаб кетиши ташриф дастурига мувофиқ амалга оширилади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (8)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (1)

2 фикр

  1. Бу хам узига хос маросим.Унда чет давлат вакилининг мезбон давлатга булган чукур хурмати акс этади.

  2. Bu marosim albatta,yaxshi. Lekin marhumlar hurmati shariatda uning haqqiga duo o’qish bilan bajariladi. Duoda xosiyat kop!

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига