Yangi hujjatlar

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида қонун қабул қилинди

2014 йил 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди. Қонуннинг расмий матни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида эълон қилинди.

 

profilaktika

Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 30 октябрда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2014 йил 10 апрелда маъқулланган эди.

Ушбу қонуннинг мақсади ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун 7 боб, 51 моддадан иборат.

Қонунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг умумий, махсус, якка тартибдаги ҳамда виктимологик профилактика каби турлари санаб ўтилган.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизимига қуйидагилар киради:

  • ички ишлар органлари;
  • прокуратура органлари;
  • Миллий хавфсизлик хизмати органлари;
  • адлия органлари;
  • давлат божхона хизмати органлари;
  • давлат солиқ хизмати органлари;
  • меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари;
  • таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари;
  • давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари;
  • Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари.

Айрим турдаги ҳуқуқбузарликларнинг, шахслар тоифаларининг кўпайиши ҳамда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига, шахс, жамият ва давлат манфаатларига тажовуз қилувчи хатарлар ва таҳдидларнинг юзага келиши ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикасини амалга ошириш учун асос бўлади.

Махсус профилактика қуйидаги шахслар ўртасида олиб борилади:

  • илгари судланган;
  • алкоголни суиистеъмол қилувчи;
  • гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилувчи;
  • вояга етмаганлар.

Ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларга тарбиявий таъсир кўрсатишга доир фаолият ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасидир.

Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

  • профилактика суҳбати;
  • расмий огоҳлантириш;
  • ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар тўғрисида хабардор қилиш;
  • ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш;
  • профилактик ҳисобга олиш;
  • мажбурий даволанишга юбориш;
  • маъмурий назорат.

Профилактика суҳбати шахсни жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтиришдан, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ва ҳуқуқий оқибатларини ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликни тушунтиришдан иборат бўлади.

Расмий огоҳлантириш шахсга унинг ғайриижтимоий хулқ-атворни давом эттиришига йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида ёзма равишда тушунтиришдан, шунингдек ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахсни ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиришдан иборат бўлади.

Профилактик ҳисобга олиш қуйидаги шахсларга нисбатан юритилади:

  • илгари судланганларга улар жиноий жазони ўтаганидан сўнг, ўзига нисбатан маъмурий назорат ўрнатилган шахслар бундан мустасно;
  • ўзига нисбатан суднинг жазо тайинланмаган айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахсларга;
  • Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасига мувофиқ айбдорлик тўғрисидаги масала ҳал қилинмасдан туриб ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган ёхуд реабилитация қилмайдиган асослар бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор чиқарилган шахсларга;
  • ўзига нисбатан қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси танланган жиноят содир этишда айбланувчиларга;
  • Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40, 41, 45, 47, 52, 56, 58, 61, 106, 131, 1651, 183, 184, 1841, 1842, 1843, 187, 188, 1881, 189, 1891, 190, 191, 201, 202, 2021, 240, 241-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганларга;
  • ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтганларга.

Шахсни профилактик ҳисобга олиш у профилактик ҳисобга қўйилган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида амалга оширилади.

Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. Демак, ушбу Қонун 2014 йил 15 август кунидан кучга киради.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (27)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (1)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига