Янги ҳужжатлар

Олий таълим вазирлигининг иккинчи мутахассислик мавзусидаги саволларга берган расмий жавоби

2014/2015 ўқув йили учун ОТМларга қабул жараёнларини ёритиб бориш, абитуриентлар ва уларнинг яқинларини қизиқтирган, ўйлантирган саволларга жавоб бериш мақсадида Kun.Uz интернет нашри билан ҳамкорликда махсус “Абитуриент-2014” лойиҳасини ишга туширганимиздан хабарингиз бўлса керак.

Лойиҳа давомида жуда кўплаб саволлар келди. Саволларнинг барчасига жавоб беришга имкон қадар ҳаракат қилдик. Аммо абитуриентларнинг баъзи саволларига жавобни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни варақлаб топиб бўлмади. Топилган тақдирда ҳам расмий шарҳ беришда иккиланиб қолдик.

Айниқса бундай саволлар иккинчи мутахассислик мавзусида кўп берилди. Шуларни инобатга олиб, иккинчи мутахассислик мавзусида берилган саволларни тўплаб, расмий жавоб олиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилишни лозим деб топдим.

Мурожаатни албатта электрон кўринишда My.gov.uz портали орқали юбордим.

Мурожаатнинг асосий мазмуни қуйидагича эди:

Сиздан “Абитуриент-2014” лойиҳаси доирасида абитуриентлардан келган баъзи саволларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг малакали мутахассисларидан тўлақонли ва расмий жавоб олишда амалий кўмак беришингизни илтимос қиламан. Ўйлайманки, берилган жавоблар абитуриентлар ўртасидаги тушунмовчиликларга барҳам беради ҳамда ортиқча муаммоларнинг олдини олиш учун хизмат қилади.
Саволлар матни иловада келтирилган (илова 1 вароқ, саволлар сони 7та).

Шундан сўнг, мурожаатга қуйидаги саволларни илова қилдим:

Илова

«Абитуриент-2014» лойиҳаси доирасида абитуриентлардан келган баъзи саволлар:

Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, олий маълумотга эга бўлган шахслар белгиланган тартибда иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни (бундан кейин матнда иккинчи мутахассислик) тўлов-контракт (шартнома) асосида олишга ҳақлидирлар.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан 2008 йил 13 августдаги 15-сон баён билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги таълимни олиш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, иккинчи мутахассислик бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқига эга таълим муассасалари рўйхати ҳамда олий таълим муассасаларида уларнинг бакалавриат ва магистратурасига қабул кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Биламизки, республикадаги барча ОТМларда ҳам иккинчи мутахассислик бўйича ўқитиш мавжуд эмас. Агарда абитуриент иккинчи олий таълимни айнан иккинчи мутахассислик мавжуд бўлмаган ОТМда олишни хоҳласа, бундай вазиятда абитуриентлар баъзи муаммоли саволларга дуч келиб қолишади.

Савол бўйича мисол: Айтайлик, Б. исмли фуқаро Тошкент молия институтининг бакалавр босқичида таҳсил олди. Ўқишни тамомлагач, Тошкент давлат юридик университетида иккинчи олий таълимни олиш хоҳишини билдирди. Аммо ТДЮУда иккинчи мутахассислик факультети мавжуд эмас.

1-савол: Мазкур вазиятда Б. исмли фуқаро ТДЮУга ҳужжат топшира оладими?

2-савол: Агар Б. исмли фуқаро ТДЮУга ҳужжат топшира олса, унда қабул комиссиясига қандай ҳужжатлар тақдим этиши лозим? Олий маълумот тўғрисидаги дипломни топширадими ёки ўрта махсус (касб-ҳунар) маълумот тўғрисидаги дипломними?

3-савол: Агар Б. исмли фуқаро ТДЮУга ҳужжат топшира олса, унда имтиҳонлари қандай тартибда ўтади? У ҳам 1 августдаги тест имтиҳонларига киритиладими?

4-савол: Агар Б. исмли фуқаро ТДЮУга ҳужжат топшира олса ва тест имтиҳонларидан юқори балл тўпласа, бюджет асосида ҳам ўқишга қабул қилиниши мумкинми ёки фақат ўқиш тўлов-контракт асосида амалга ошириладими?

5-савол: Б. исмли фуқаро ТДЮУда таҳсил олса, унинг Тошкент молия институтида олган дастлабки олий маълумоти бекор бўладими?

6-савол: Фуқаро олий маълумоти тўғрисидаги дипломни қабул комиссиясидан атайин беркитса, аввал бошқа олий таълим муассасасида таҳсил олганлиги тўғрисидаги маълумотни яширса ҳамда ўрта махсус маълумоти тўғрисидаги диплом билан оддий абитуриентлар каби ҳужжат топширса, бунинг оқибати нима бўлади?

7-савол: Иккинчи мутахассислик факультетлари мавжуд бўлган ОТМлар рўйхати ва квоталар миқдори тўғрисида абитуриентлар қаердан маълумот олишлари мумкин?

Мазкур мурожаатни 2014 йил 9 июль куни юбордим. Унга жавоб хати эса 5 август (орадан 27 кун ўтиб) куни келди. Ўша жавоб хатини Сизларга тўлиқлигича тақдим қилмоқчиман.

ЖАВОБ ХАТИ

(хатнинг имлоси аслича қолдирилди)


Сизнинг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали йўллаган мурожаатингизни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қиламиз:

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг* 14 моддасига мувофиқ фуқаролар иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни шартнома асосида олишга ҳақлидирлар. Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон “Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори (“Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2010 йил, 24-25-сон, 195-модда) билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ олий таълим муассасаларига қабул барча учун (ҳам грантлар, ҳам тўлов-контракт бўйича) тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, 1 август кунидаги тест синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган абитуриентлар тест баллари рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги таълимни олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан 2008 йил 13 августдаги 15-сон баён билан тасдиқланган Низом (Адлия вазирлигининг рўйхат рақами 1844) асосида амалга оширилади. Абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш муддати 20 июлдан 20 августгача белгиланган. Таълим муассасасининг қабул комиссияси кирувчиларнинг билим даражасини баҳолаш мақсадида шакли ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишиладиган синовлар ўтказиш ҳуқуқига эга. Иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш бўйича олий таълим муассасалари рўйхати Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан тасдиқланиб, тегишли олий таълим муассасаларига етказилади. Абитуриентларни ўқишга қабул қилиш ҳақидаги маълумотлар олий таълим муассасасининг расмий порталида эълон қилинади. Шу сабабли Сиз ўзингизни қизиқтираётган олий таълим муассасасининг расмий порталида тегишли маълумотлар билан танишиб боришингиз мумкин.2014/2015 ўқув йилида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш бўйича олий таълим муассасалари рўйхатида Тошкент давлат юридик университети мавжуд эмас. Шу билан бирга, Сиз Тошкент давлат юридик университетида иккинчи олий маълумот олиш истагингиз бўлса, кейинги ўқув йилида “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига .талабаларни қабул килиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ ўтказиладиган тест синовларида (1 август куни) ўрнатилган тартибда қатнашишингиз мумкин.

Ушбу жавоб хатидан норози бўлсангиз судга мурожаат этиш ҳуқуқига эгасиз.

Вазирнинг биринчи ўринбосари Ф.Ризаев

*Ушбу ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан Lex.uz – Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида бепул танишиш мумкин. Ижр.Р.Сулейманова Тел.246-01-58

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий жавоб хати

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий жавоб хати

 

Жавоб хатининг энг сўнги гапига қарайдиган бўлсак, аввал олий таълим олган фуқаро яна бошқа ОТМда бакалавр сифатида ўқиши мумкин. Лекин давлат гранти асосида ҳам ўқий оладими ёки фақат контракт деган саволга аниқ жавоб топиб бўлмади. Сабаби жавоб хатининг 2-бандида фақат шартнома дейилган, 3-бандида давлат гранти асосида ҳам қабул қилинади дейилган.

Хуллас, мана Сизга расмий жавоб. Ўзингиз тегишли хулоса чиқариб олаверинг.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (137)
  • Йўқ (72)
  • Бироз (17)

3 фикр

  1. ikkinchi mutaxassislik bo`yicha o`qimoqchiman shunga ikkinchi oliy talim muassasasiga qanday xujjat topshirilasi va imtixon qanday bo`lib o`tadi

    • Буни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан аниқлаштирасиз.

  2. Men Toshkent axborot texnologiyalar universitetining Axborot talim texnologiyalari kafedrasi kasb talim yonalishini 2015 yil tugatdim.Umumiy orta talim maktabida informatika fani oqituvchisi bolib faoliyat korsatish uchun 2 mutaxassislikka oqish zarMasofaviy 2 mutaxassislikka oqish imkoni bormi

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига