Янги ҳужжатлар

Касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилди

2016 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунга имзо чекди.

kasaba_uyushmalari

Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 6 октябрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 12 октябрь куни маъқулланган эди.

Мазкур қонун қабул қилиниши натижасида касаба уюшмалари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди.

Хусусан, ходимларнинг алоҳида тоифалари, жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар, ҳунармандлар ва бир марталик ишларда банд шахслар учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ бирлашиш эркинлигининг кафолатлари мустаҳкамланди.

Халқаро стандартлар ва хорижий давлатлар қонунчилик тажрибасини инобатга олиб, касаба уюшмаларини бошланғич ташкилот ташкил этмаган ҳолда муайян тармоқ ёки ҳудудда тузиш тартиби белгиланди.

Қонунда якка тартибдаги тадбиркорларга уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилганлиги хусусий секторда меҳнат қилувчи шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, қонунга касаба уюшмаларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя функцияларини кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ҳам киритилди. Хусусан, меҳнат низоларини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган ва самарали воситаси сифатида судга даъво аризасидан ташқари суд буйруғини чиқариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи киритилди.

Қонуннинг касаба уюшмаси тақдимномасини кўриб чиқишнинг қисқартирилган муддатлари жорий этилди.

Бундан ташқари, касаба уюшмалари иш берувчи билан жамоа музокараларини олиб боришда ва жамоа шартномаларини, келишувларини тузишда устувор ҳуқуққа эга бўлиши, уларнинг бажарилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши белгилаб қўйилди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши касаба уюшмалари эркинлигининг кафолатларини мустаҳкамлаш, ижтимоий-меҳнат соҳасида қонунийликни таъминлаш ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (19)
  • Йўқ (4)
  • Бироз (0)

Битта фикр

  1. GAP YO`Q IWIZGA OMAD… TADBIRKORLAR TO`G`RISIDA KO`PROQ YOZING
    ILTIMOS

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига