Yangi hujjatlar

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига имтиёзли микрокредитлар бериш тартиби тасдиқланди

2016 йил 16 январь куни Марказий банк раиси Ф.Муллажонов “Тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига микрокредитлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорга имзо чекди.

КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

Қарорга кўра, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун давлат рўйхатидан ўтган ёки юридик шахс устав фондида (устав капиталида) 50 фоиз ёки ундан ортиқ акцияга (улушга) эга бўлган Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар коллежларида ўқишни якунлаган кунидан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаган битирувчилар кредитлаш субъектлари ҳисобланади.

ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРИЛАДИ?

Микрокредит:

  • юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган қарз олувчиларга — энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача (26 млн. 048 минг сўм);
  • юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритаётган қарз олувчиларга — энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваригача миқдорда қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз берилади (39 млн. 072 минг сўм).

ҚАНЧА МУДДАТГА БЕРИЛАДИ?

Микрокредит қарз олувчига кредит ажратилаётган лойиҳанинг ўзини-ўзи қоплаши ҳисобга олинган ҳолда:

  • фаолиятни бошлаш учун айланма маблағларни шакллантиришга, инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишга — 12 ой муддатгача;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш учун айланма маблағларини тўлдиришга, шунингдек асбоб-ускуналарни сотиб олишга — 2 йил муддатгача;
  • инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун — 3 йилдан ортиқ муддатга берилади.

ҚАНДАЙ МАҚСАД УЧУН БЕРИЛАДИ?

Микрокредитлар қарз олувчиларга қуйидаги мақсадлар учун берилади:

  • уруғликлар, минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, чорвачилик, қуён боқиш, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кўрсатиладиган техник хизматлар учун тўловларни амалга ошириш;
  • енгил конструкцияли ва муқобил ёқилғи манбалари ҳисобига ишлайдиган иссиқхоналарни қуриш, мева-сабзавотчиликда ишлатиладиган қишлоқ хўжалик техникалари ва механизмларини сотиб олиш;
  • бевосита ишлаб чиқариш соҳаси — маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хом ашё ва материалларни тубдан қайта ишлаш, ҳунармандчиликни ривожлантириш, касаначилик меҳнатини ташкил этиш, бинокорлик материаллари ишлаб чиқариш ва қуриш;
  • хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш — аҳолига маиший, тиббий, сайёҳлик-экскурсия ва меҳмонхона хизмати кўрсатиш, автомобиллар ва бошқа техникаларни таъмирлаш бўйича хизмат кўрсатиш, транспорт хизмати кўрсатишни ривожлантириш;
  • янги боғ ва токзорларни барпо этиш, илғор замонавий технологияларни, шу жумладан томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш.

Микрокредитлар юқорида кўрсатилмаган мақсадлар учун берилмайди.

НЕЧА ФОИЗГА БЕРИЛАДИ?

Микрокредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда, банкнинг имтиёзли кредитлаш жамғармаси ҳисобидан микрокредит ажратилган тақдирда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Микрокредитлар бўйича фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгаришига қараб ўзгариши мумкин.

Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси оширилган тақдирда шартномада кўрсатилган фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолдирилади.

Имтиёзли давр ўрнатилган ҳолда берилган микрокредит бўйича асосий қарзни тўлаш имтиёзли давр тугагандан кейинги ойдан бошланади. Имтиёзли даврда микрокредит бўйича фақат фоизлар ҳисобланади ва тўланади.

КИМЛАРГА БЕРИЛМАЙДИ?

Зарар кўриб ишлаётган, ноликвид балансга эга бўлган қарз олувчиларга микрокредит берилмайди, илгари берилган микрокредитни эса, белгиланган тартибда муддатидан олдин ундириб олиш чоралари кўрилади.

ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР КЕРАК?

Қарз олувчилар микрокредит олиш учун банкка буюртма тақдим этади. Буюртмага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • қарз олувчининг банк ҳисобварағига пул тушумлари (пул оқими) прогнози кўрсатилган бизнес-режа;
  • қарз олувчининг тегишли давлат солиқ инспекциясига тақдим қилган охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл), янги ташкил этилган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари бундан мустасно;
  • қарз олувчига тегишли касб-ҳунар коллежи дипломининг нотариал тасдиқланган нусхаси;
  • тегишли кредит таъминоти турларидан бири.
Қарз олувчилар буюртмани ахборот тизими орқали электрон шаклда беришлари мумкин.

ГАРОВГА НИМА?

Қарз олувчи томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида қуйидаги кредит таъминоти турларидан бири тақдим этилади:

  • мол-мулк ва қимматли қоғозлар гарови;
  • банк ёки суғурта ташкилотининг кафолати;
  • учинчи шахс кафиллиги;
  • қарз олувчи томонидан олинган микрокредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;
  • таъминотнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа турлари.

Микрокредит ҳисобига сотиб олинган мулк ўз қийматининг 80 фоизи миқдорида мазкур микрокредит бўйича гаров предмети бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Банк буюртмани олганидан сўнг уч иш куни ичида уни кўриб чиқиши ва микрокредит бериш ёки микрокредит беришни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт.

НАҚД БЕРИЛАДИМИ ЁКИ…

Микрокредит қарз олувчига нақд пулсиз шаклда пул ўтказиш йўли билан берилади.

Қарорни расмий манбадан ўқиш:

Қарорни расмий манбадан ўқиш:

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (160)
  • Йўқ (22)
  • Бироз (14)

Битта фикр

  1. foizlar haqida yozilgan matnni faqat iqtisodchi tushuna oladigan tarzda yozilgan. iqtisodchi bo`lmagan odam uchun bu so`zlar to`plami bo`lib qolgan. menimcha barcha tushunarli bo`lishi uchun sodda tilda yozilgani ma`qul.

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига