Янги ҳужжатлар

2017/2018 ўқув йили учун қабул квоталари тасдиқланди. Квоталар кўпайди, бошқа ўзгаришлар ҳам бор

2017 йил 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Қарорда олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квотаси белгилаб берилган бўлиб, унга кўра 2017/2018 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 66 минг 316 нафар талаба қабул қилинади. Шуларнинг 18.194 нафари давлат грантида ва 48.122 нафари тўлов-контракт бўйича таҳсил олади. Агар ўтган йилги квоталар билан таққосласак, жорий йилги квоталар сони 8 минг 409 тага кўпайган.

Олий таълим муассасалари магистратурасига 5 000 нафар талаба, шундан 1556 нафари давлат гранти, 3444 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Магистратурада умумий квоталар сони ўтган йилгига қараганда ўзгармаган.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда махсус сиртқи бўлим негизида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда билим олишни таъминлаш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида 100 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 15 та ва тўлов-контракт асосида 85 та, Навоий давлат кончилик институтида тўлов-контракт асосида 90 нафар ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида тўлов-контракт асосида 80 нафар бакалаврни тайёрлаш назарда тутилган.

Бундан ташқари жорий йилдан киритилган энг катта ўзгариш, бу тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаган абитуриентлар тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси эвазига талабаликка қабул қилиниши мумкин бўлди. Фақат бунинг учун абитуриент камида 68 балл тўплаган бўлиши лозим.

Қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланади.

Шунингдек, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан юқори малакали тиббиёт кадрларига ўткир талаб мавжуд бўлган ҳудудлар учун мақсадли қабул бўйича квоталарни Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлашнинг умумий белгиланган параметрлари доирасида ажратиш бўйича таклифи қабул қилинди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (257)
  • Йўқ (29)
  • Бироз (13)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига