Янги ҳужжатлар

Лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзувига «ц»ни билдирувчи ҳарфни киритиш ва «нг»ни битта ҳарф белгига айлантириш бўйича таклиф тайёрланмоқда

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини мукамаллаштириш лозимлиги ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда у «Оила даврасида» газетаси ўқувчиларига берган жавобларига айтиб ўтди, дея хабар қилмоқда “Daryo”.

«Назаримда, бугунги кунда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини янада мукаммаллаштириш давр талабига айланди. Амалдаги алифбога асосланган имло қоидаларимизни қайта ишлаб чиқиш муҳим ва айни кунда зарурий эҳтиёж ҳисобланади. Бу алифбодаги айрим зиддиятли ҳолатлар билан боғлиқ. Мисол учун, луғат бойлигимиздан ўрин олган журнал, жирафа каби ўзлашма сўзлардаги ‘ж’ товушини янги алифбода ифода этишнинг имкони йўқ. Бу товуш ‘ж’ ҳарфи билан ёзилса, талаффуз ва имлода зиддият кузатилади. Бу эса савод чиқараётган ўқувчиларда ноқулайлик туғдирмоқда», — дейди Шуҳрат Сирожиддинов.

«Иккинчидан, алифбода ‘нг’ бурун товуши учун махсус ҳарф берилмаган. Бу ҳолат айни товушни сўз таркибида ёнма-ён келган ‘н’ ва ‘г’ товушларидан фарқланмаслигига сабаб бўлмоқда. Шу боис ўқувчилар ‘dengiz’, ‘ko‘ngil’ каби сўзлардаги ‘нг’ ҳарфий бирикмасини икки товуш тарзида тушуниб, бу сўзларни бўғин кўчиришда қўпол хатога (‘den-giz’, ‘ko‘n-gil’ тарзида) йўл қўймоқда. Ваҳоланки, бир товушни ифода этувчи ‘нг’ ҳарфий бирикмаси бўғин кўчиришда бир-биридан ажратиб ёзилмаслиги керак. Умуман, алифбода товушларни ҳарфий бирикма тарзида қайд этиш масаласини жиддий ўйлаб кўриш керак. Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин», — деди профессор.

«‘Ц’ ҳарфи ўзбек тили имлосидаги долзарб мавзулардан бири ҳисобланади. Дарҳақиқат, ‘ц’ ундоши билан боғлиқ сўзларнинг зарур ўринларда нотўғри қўлланилаётгани ўқувчиларни чалғитмоқда. Масалан: ‘ц’ ундоши ўрнига қўлланилаётган лотин имлосидаги ‘ts’ ҳарф бирикмаси баъзи ўринларда ўзини оқламайди — ‘ssenariy’, ‘biotsikl’, ‘biotsentr’, ‘sirkul’ ва ҳоказо. Миллий талаффузимиздан келиб чиққан ҳолда имло қоидаларига ‘ц’ ундоши билан боғлиқ ўзгартириш киритилиши режалаштирилган», — деди университет ректори.

«Ҳамма сўзларни ҳам лотин ва кирилл алифболарида бир хил ёзилишини талаб қилиш унчалик тўғри эмас. Бу алифболар бир-биридан тамоман фарқли ёзувлардир. Бунинг устига, бора-бора кирилл ёзуви амалиётдан чиқиб кетади, ўрганувчига кирилл ‘эталон’ бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам кириллда қандай бўлса, лотинда ҳам шундай ёзишга уриниш мақсадга мувофиқ бўлмайди. ‘Хом ашё’, ‘темир йўл’ каби қўшма сўзларни лотинда ‘xomashyo’, ‘temiryo‘l’ тарзида ёзишни қоидалаштириш тил табиатига мувофиқ келади. ‘Мўъжиза’ сўзини лотин ёзувида балки тутуқ белгисисиз ёзишни қоидалаштиришни ўйлаб кўриш жоиз. Гўёки мазкур қоидада ҳарфдаги қўшимча унсур тутуқ белгисига яқин бўлгани учун, ўхшаш белгилар такроридан қочишга ҳаракат қилингандай кўринади. Албатта, бу илмий ёки асосли ечим эмас; ‘budjet’ сўзининг ёзилишини ҳам ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқ. Университетимизда тузилган махсус ишчи гуруҳ шундай таклифларни тайёрлаш борасида иш олиб бормоқда», — дейди профессор Сирожиддинов.

 

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (28)
  • Йўқ (9)
  • Бироз (2)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига