Yangi hujjatlar

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун олдингисидан қандай фарқ қилади? (таҳлил)

ҚОНУН ҲАҚИДА УМУМИЙ МАЪЛУМОТ

2014 йил 3 декабрь куни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Мазкур Қонун Президентнинг 2013 йил 14 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Обод турмуш йили» Давлат дастурини ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йил 29 октябрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2014 йил 13 ноябрда маъқулланган.

Янги қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, юридик шахсларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишининг қўшимча кафолатларини таъминлаб беришга қаратилган.

Бугунги кунгача фуқароларнинг мурожаатлари 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири асосида тартибга солинар эди. Аммо ушбу қонунда юридик шахсларнинг мурожаати борасида қоидалар белгиланмаган эди. Шунингдек, электрон мурожаатлар ҳам назарда тутилмаганди. Янги қонун эса ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришдан иборат.

Қонун 5 боб, 31 моддадан иборат.

ҚОНУН МАЗМУНИ

Жисмоний ва юридик шахслар давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин. Юқорида айтилганидек, эндиликда электрон мурожаатлар ҳам расмий мақомга эга бўлди.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак. Электрон рақамли имзо билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳар қандай электрон мурожаатлар расмий мақомга эга эмас, фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали – My.gov.uz портали орқали юборилган мурожаатлар оғзаки ва ёзма мурожаатларга тенглаштирилди.

Мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.

Мурожаатлар давлат органлари томонидан қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт.

Давлат органига келиб тушган мурожаатлар шу орган томонидан ёки унинг мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича мажбуриятлар зиммасига юклатилган мансабдор шахси томонидан кўриб чиқилади.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколат доирасига кирмайдиган давлат органига келиб тушган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаса, бу мурожаатлар мурожаат этувчига беш кунлик муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан қайтарилади.

Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Таклиф давлат органига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

  • аноним мурожаатлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;
  • қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

Мурожаатни кўриб чиққан давлат органи мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон шаклда дарҳол хабар қилиши шарт.

Мурожаат давлат органлари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахс мурожаат кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборот олиш, шахсан важларини баён этиш ва тушунтиришлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ҳамда уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органларининг мансабдор шахслари жисмоний ва юридик шахсга уларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан, агар уларда давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши шарт.

icon_newҚОНУНДА АКС ЭТГАН ЯНГИ НОРМАЛАР:

Аввалги қонундан фарқли ўлароқ, мазкур қонунда бир қатор янги нормалар акс этган бўлиб, улар қуйидагилардир:

«2-модда. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари»даги янги норма

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

  • кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;
  • давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

«6-модда. Мурожаатларга қўйиладиган талаблар»даги янги норма

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади.

«8-модда. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш»даги янги норма

Шахсий қабул давомида давлат органининг раҳбари қарорига кўра ҳамда мурожаат этувчининг ёзма розилиги билан махсус техника воситалари (аудио- ва видео ёзув, шунингдек фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин.

Давлат органларининг раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари томонидан сайёр шахсий қабуллар ташкил этилиши мумкин.

«17-модда. Мурожаатларни бериш муддатлари»даги янги норма

Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (70)
  • Йўқ (7)
  • Бироз (8)

4 фикр

  1. Конунда керакли ва самарали узгаришлар киритилган,масалан электрон мурожаатлар тугрисида,техника воситаларидан фойдаланиш тугрисида буларни бари анчайин кулайликлар тугдиради.

  2. Конунни 2-моддасига яхши тушунмадим

  3. Салом Хушнудбек.
    Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
    Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади. деб белгиланган.
    Бу ерда аризани урганиш муддати жами булиб 1 ой буладими ёки 2 ой.

    • Агар узайтирилса, унда жами бўлиб 2 ой бўлади.

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига