Янги ҳужжатлар

Мустақиллик байрами муносабати билан амнистия эълон қилиниши мумкинми?

Бугунги кунда муштарийлардан энг кўп келиб тушаётган саволлардан бири – бу “Мустақиллик байрами муносабати билан амнистия эълон қилиниши мумкинми?” деган савол бўлмоқда. Шу сабабли мазкур саволга мутахассис сифатида жавоб бериб ўтишни лозим деб топдим.

Аввалги мақолаларимда таъкидлаганимдек, мавжуд қонунчилигимизга биноан амнистия акти Президент тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинади.

Батафсилроқ тўхталадиган бўлсам, Конституциямизнинг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Президенти «Амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Олий Мажлис Сенатига тақдимнома киритиш» ҳуқуқига эга. Олий Мажлис Сенати эса, Конституциямизнинг 80-моддаси 10-бандига кўра, мазкур тақдимнома асосида ўзининг мутлақ ҳуқуқларидан бири ҳисобланган «амнистия тўғрисидаги ҳужжатни» қабул қилади. Яъни Сенатнинг ялпи мажлисида амнистия тўғрисидаги масала сенаторлар томонидан муҳокама қилиниб, у ҳақда қарор қабул қилинади.

Демак, аён бўлмоқдаки, амнистия акти қабул қилиниши учун Сенатнинг ялпи мажлиси бўлиб ўтиши лозим экан.

Жорий йилда мустақиллик байрами арафасида, аниқроғи 6-7 август кунлари янги таркибдаги Сенатнинг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу ялпи мажлисда амнистия актини қабул қилиш масаласи кун тартибига киритилмади.

Сенатнинг кейинги ялпи мажлиси катта эҳтимол билан ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтиши мумкин.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, жорий йилда мустақиллик байрами муносабати билан амнистия эълон қилинмади. Навбатдаги амнистия акти Конституция куни муносабати билан эълон қилиниши кутилмоқда.

Ўзи сўнги йиллардаги тажрибани кузатадиган бўлсак, охирги марта 2010 йилдагина Мустақиллик байрами арафасида амнистия эълон қилинган. Ундан буён ҳар йили амнистия Конституция қабул қилинган кун арафасида эълон қилиниб келинмоқда.

Эълон қилинган амнистия актлари ҳақида маълумот:

Конституция байрами муносабати билан (13 та): 1993, 1997, 1998, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2011, 2012, 2013, 2014.

Мустақиллик байрами муносабати билан (9 та): 1991, 1992, 1994, 1996, 2000, 2001, 2008, 2009, 2010.

БМТга аъзо бўлган кун муносабати билан: 1992.

9 май – Хотира ва қадрлаш байрами муносабати билан: 1999.

Ғалабанинг 50 йиллиги муносабати билан: 1995.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (107)
  • Йўқ (8)
  • Бироз (1)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига