Yangi hujjatlar

Н.Жумахўжа. Она тилимиз мавқеи

Ушбу мақола “Тилга эътибор – элга эътибор” лойиҳаси доирасида чоп этилган. Лойиҳа ҳақида батафсил қуйидаги манзилда ўқинг.

 

Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккур ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади.
Она тили – бу миллатнинг руҳидир.

Ислом КАРИМОВ

 
Истиқлолнинг илк нишонаси — “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганига 20 йил тўлди. 1989 йилнинг 21 октябридан бошлаб босқичма-босқич амалга ошириб келинган қонуннинг барча моддалари 2005 йилнинг 1 сентябридан эътиборан расман кучга кирди. Истиқлол йилларида «Давлат тили ҳақида»ги Қонунни амалга ошириш Давлат дастурининг асосий қисми бажарилди. Қонунга биноан, ўзбек тилини билмайдиган фуқароларга уни ўргатиш ва ўқитишнинг бепул амалга оширилиши таъминланди. Шунинг¬дек, давлат тилига мувофиқ равишда лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбоси ва имло қоидалари ҳам республика бўйича бутун халққа бепул ўқитиб, ўргатилди. Ўрта, ўрта махсус, олий таълим соҳасидаги барча ўқув муассасалари ўқувчи ва талабалари учун соҳа ҳамда тармоқларнинг ўқув дас¬тур, қўлланма, дарсликлари давлат тилида яратилиб, нашр этилди. Матбуот, наш-риёт йўналишида мазкур қонун ҳаётга изчил татбиқ этилиб, илмий, илмий-оммабоп, бадиий асарларни ўзбек тилида, лотин ёзувида чоп этиш кенг йўлга қўйилди. Мамлакат миқёсидаги аксарият жой номлари тизимли равишда ўзбек тилида, миллий мус¬тақиллик мафкураси асосида янгиланди. Ҳуқуқшунослик соҳасининг барча жабҳаларида ҳам «Давлат тили ҳақида»ги Қонун ҳаётга кенг татбиқ этиб келинмоқда.

Давлат тилини билиш ва уни амалда тўлиқ қўллай олиш, «Давлат тили ҳақида»ги Қонунга риоя қилиш, уни ҳаётга татбиқ этиш, қадрлаш юксак маънавият белгиси экани ҳақидаги ғоя давлат тили концепциясининг ўзак-моҳиятини ташкил этади. Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли китобида она тили миллатнинг руҳи ва ғурури экани тўғрисида жуда таъсирли, ибратли фикрлар айтилган. Бу нуқтаи назар она тилимиз мақоми давлат сиёсати даражасига кўтарилганини англатади.

Бироқ ҳамон ҳаётда, давлат тили амалиётида қатор долзарб муаммолар турибдики, улар «Давлат тили ҳақида»ги Қонунни тўлиқ ва узил-кесил амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлашни тақозо этади. Бир маҳаллар «Давлат тили ҳақида»ги Қонунни амалга ошириш Давлат дастурига биноан, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти негизида алоҳида Тилшунослик институти бунёд этилган, ўзбек тилининг манбаини ташкил этувчи нодир ёзма ёдгорликларни асраб-авайлаш ҳамда тадқиқ этиш мақсадида атоқли олимларимиз ташаббускорлигида Қўлёзмалар институти очилган, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атамашунослик қўмитаси таъсис этилганди. Турли муассасаларда давлат тилини ўқитувчи ва ўргатувчи янги кафедралар, бўлимлар очилган эди. Кейинги йилларда булар бирин-кетин қисқаришга учради ва бу қонуннинг ижро механизмини бўшаштириб юборди.

Ўзбекистонда давлат тили мақоми ўзбек халқининг она тилига берилган. Бош¬қа бирор тил тўғрисида махсус қонун мавжуд эмас. Шу боис, малакатимизда яшайдиган 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг тили, ҳуқуқий жиҳатдан хорижий тил мақомидадир. «Давлат тили ҳақида»ги Қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнларида икки тиллилик, яъни давлат тили мақомини ўзбек ва рус тилларига бериш тарафдорлари ҳам бўлган. Собиқ совет даврида қабул қилингани учун, «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг биринчи матнида бу тилга ортиқча имтиёзлар берилган эди. Бироқ қонун 1995 йилда янги таҳрирда қабул қилинди ва бу ҳолатга барҳам берилди.

Шу ўринда ҳуқуқшунослик йўналишидаги олий ўқув юртларида Давлат тили билан боғлиқ фанларнинг ўқитилиши ва уларни такомиллаштириш муаммоларига тўхталиб ўтиш ўринли бўлади. Биринчи ва бош муаммо шундан иборатки, Кадрлар тайёрлаш ҳамда Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурлари асосида, аввало, ҳуқуқшуносларнинг ҳуқуқий онгини муттасил ўстириб бориш керак. Айрим ҳуқуқшунослар «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг мазмун-моҳиятига етарлича эътибор бермайдилар. Чунки таълим масканларида ушбу қонунни махсус ўқитишга эътибор қаратилмаган. Ҳолбуки, «Давлат тили ҳақида»ги Қонун амал қилар экан, демак, давлат тили ҳуқуқи тушунчаси ҳам мавжуд. “Тил ҳуқуқи – эл ҳуқуқи”, “Тил ҳуқуқи – миллат ҳуқуқи”, “Тил мақоми – эл мақоми” деган гаплар шунчаки баландпарвоз гаплар эмас. Истиқлол арафасида бекорга давлат тили учун кураш она халқимизнинг озодлик ҳақидаги орзу-мақсадлари рамзига айланиб кетмаган. Бунинг тагзаминида халқнинг маънавий қарашлари, ҳуқуқий онги масалалари ётибди. Маълумки, ҳар қандай миллий ҳуқуқий тушунча миллий тил шаклларида намоён бўлади. Бошқача айтганда, тил ҳуқуқий тушунчаларнинг яшаш шаклидир. Бугина эмас, тил – барча ҳуқуқий тушунчаларни англаш, тушуниш, идрок этиш, ўқитиш, ўргатиш, тушунтириш, шарҳ¬лаш, жорий этиш, ижро этиш, ёзма баён этишда ҳам асосий восита. Мазкур ҳуқуқий жараёнларнинг бирортасини ҳам тил шакллари, ифодалари амалиётисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Шунга биноан, ҳуқуқшунослик йўналишидаги олий ўқув юртларида, ҳуқуқшунослар малакасини ошириш институтларида давлат тили ҳуқуқи тушунчаси юзасидан махсус курс ўқитилиши мақсадга мувофиқ. Токи, ҳар бир олий маълумотли ҳуқуқшунос «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, шарҳлари, қонун ости ҳужжатлари, уни амалга ошириш механизмларини мукаммал ўзлаштирсин; бутун давлат ва жамиятнинг низоми, интизоми, тартиботи давлат тили воситасида расмийлаштирилиши ва амалга оширилишини англасин; давлат ва жамиятнинг ҳуқуқий саводхонлиги давлат тили саводхонлиги билан чамбарчас боғлиқлигини тушуниб етсин. Қолаверса, «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг биринчи амалиётчи ва ижрочи ташаббускорлари ҳам ҳуқуқшунослар бўлмоқлари лозим.

Шу пайтгача давлат тили фани бўлғуси ҳуқуқшуносларга рус тили ва бошқа хорижий тилларга нисбатан кам ўқитиб келинди ва бу, назаримизда, тўғри эмас. “Юристнинг нутқ мадания¬ти” ва “Юридик тил амалиёти” фанлари эса “Ўзбек тили” фани дегани эмас. “Талабалар ўзбек тилини мактаб ва лицей, коллежларда ўрганиб келяпти-ку, уларга яна ўзбек тилини ўқитамизми?”, деган фикр бугунги кунда алдамчи тасаввур.

Кейинги йиллардаги педагогик тажрибага асосан айтиш мумкинки, институтга ўқишга кираётган талабаларнинг каттагина қисми ўз она тилини яхши бўлмайди. Улардан келажакда чаласавод ҳуқуқшунослар етишиб чиқиши мумкин. Буни мавжуд иншо таҳлиллари ва айрим суд қарорлари, қонун ҳужжатлари саводхонлиги орқали исботлаб бериш мумкин. Энг юқори балл билан ўқишга кирган баъзи талабаларнинг “юрист” сўзини – “юрис”, “институт” сўзини – “инстут” каби турли шаклларда ёзганига гувоҳ бўлганмиз.

Масалан, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси …нинг фуқаро Д.Солиев даъво аризаси юзасидан 2009 йил 9 январь куни қабул қилган уч ярим бетли ҳал қилув қарорида ҳуқуқий камчиликлар билан бирга, тушуниб ва тузатиб бўлмайдиган ўта ғализ жумлалар, 100 дан ортиқ имловий, услубий хатоларга йўл қўйилган. Қолаверса, ҳозир кучга кириб бораётган айрим янги қонунларимиз, қонунларга киритилаётган қўшимча-ўзгартиришлар ҳам хатолардан холи эмас. Бир мисол: “Ўзбекистон Республикасининг Қонуни. Жарима тариқасидаги жиноий жазони ижро этиш тартибини такомиллаштириш масалалари бўйича Ўзбекис¬тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” (“Халқ сўзи”, 2008 йил, 11 апрель).

Ушбу номда “жарима тариқасидаги” сўз бирикмаси ноўрин қўлланган. Бу ҳолатда у жиноий жазони ифодалашга қаратилган. Аммо бунда мантиқ йўқ. Жарима тариқасида амалга ошириладиган жиноят тури бўлиши мумкин эмас. Бироқ жиноий жазони ижро этишни жарима тариқасида тартибга солиш мумкин. Қонун ижодкорлари ҳам айнан шуни назарда тутганлар. Бироқ бу мақсад қонун сарлавҳасида юзага чиқмай қолган. Мазкур тушунча Қонуннинг 44-моддаси учинчи қисмида қуйидаги тартибда тўғри ифодаланган: “Агар ҳукм қилинган шахс жазо тариқасида тайинланган жаримани мажбурий ижро этиш учун белгиланган муддатларда тўлашдан бўйин товласа…”. Бинобарин, сарлавҳани ҳам қуйидагича тўғри тузиш мумкин эди: “Жазо тариқасида тайинланган жаримани мажбурий ижро этиш тартибини такомиллаштириш масалалари…”.

Хўш, олий таълим жараёнида қайси фан талабаларнинг она тилидаги билим ва саводхонлигини ошириш билан шуғулланиши керак? Бу ҳақда бош қотириш зарур. Агар бу ўрта махсус таълимнинг вазифаси десак, фақат она тилини яхши биладиган, саводхон ёшларни ўқишга қабул қилиш керак. Бунинг учун эса “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури”да кўрсатилган ижодий кириш имтиҳони(иншо)ни ҳамда ҳалол кириш имтиҳонларини жорий этиш лозим бўлади. Акс ҳолда, она тили таълимини олий таълим жараёнида ҳам давом эттиришдан бошқа чора қолмайди.

Ҳозир олий ўқув юртларидаги “Юристнинг нутқ маданияти” фани соатлари қисқаришга учраган. Уни барқарор ҳолатда сақлаш ва такомиллаштириш ҳам мақсадга мувофиқдир. Мутахассислар ушбу фанни бўлғуси ҳуқуқшунослар ўз ихтисосларига маълум даражада киришганидан, ҳуқуқшунослик тили ва атамашунослиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлганидан кейин ўқитиш кераклигини таъкидлаб келадилар. Шунга қарамай, бу фанни 1-курсда ўқитиш режалаштирилади. Аммо бу пайтда талабалар ҳали ихтисос фанларига киришмаганлари учун ҳам ҳуқуқшунослик тили ҳамда терминологияси ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмайдилар. Оқибатда, дарслар бесамар кетади.

Мутахассислар томонидан “Нотиқлик санъати” фанини магистратура босқичида алоҳида ўқитиш тавсия этилган. Негадир, таклиф таклифлигича қолиб кетяпти. Нотиқлик санъати нутқ маданияти билан битта фан ёки бир-бирининг таркибий қисми эмас. Улар алоҳида ва махсус соҳалар бўлиб, умумий ҳамда фарқли хусусиятларга эга.

Ўзбек ҳуқуқшунослиги тили (қонунларда, кодексларда, шарҳларда, қонун ости ҳужжатларида, монография, рисола, қўлланма, дарслик ва бошқа ҳуқуқий манбаларда) баъзан шу қадар оғир, ғализ, тушунарсиз, мураккабки, буни тузатиш учун “Ўзбек тили стилистикаси ва имловий саводхонлик” курсини ташкил этиш зарур деб ҳисоблаймиз. Шунга ўхшаш “Қонун тили ва таҳрир маданияти” курси ҳам жорий этилиши жуда зарур. Қонун ижодкорлиги билан шуғулланадиган аксарият ҳуқуқшуносларимизнинг тил ва ёзма нутқи услуби такомилга муҳтож. Филолог ва журналистларни қонуншунос қилиб қайта тайёрлагандан кўра, бўлғуси ҳуқуқшуносларни қонун тили илми ва таҳрир маданияти билан қуроллантирган ўнғайроқ, назаримизда.

Ниҳоят, ҳуқуқшунослик йўналишидаги олий таълим даргоҳларида адабиёт фанидан бир соат ҳам дарс ўтилмаслиги ачинарли ҳолдир. Адабиёт таълимисиз бўлғуси ҳуқуқшуносларнинг саводхонлиги, маънавий-ахлоқий қиёфаси, руҳияти, нафосат олами, виждон иммунитети камолга етмайди. Зеро, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1991 йил 25 октябрдаги 192-сонли буйруғи билан ўзбек тили ва адабиёти бўйича барча нофилологик олий ўқув юртларида 70 соатлик махсус курс ўқитиш белгилаб берилган ва бу буйруқ бекор қилинмаган. Бўлғуси ҳуқуқшуносларнинг маънавий-руҳий, маънавий-ахлоқий қиёфасини шакллантириш ва такомиллаштиришга ёрдам берадиган бадиий асарларни ўқитиш, таҳлил қилдириш касбий маънавият нуқтаи назаридан жуда зарурдир. Шу мақсадда, “Бадиий адабиёт ва ҳуқуқшуноснинг маънавий-ахлоқий қиёфаси” номли ўқув курсини ташкил этишни таклиф этамиз.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги долзарб муаммоларнинг ечими ҳуқуқшунослик тилини такомиллаштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳуқуқшунослик тилининг такомили ҳуқуқшунослик йўналишидаги ўқув юртларининг тил ва адабиёт таълимидан бошланади. Бундай ўқув даргоҳларидаги Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси давлат тилига оид фанларни ўқитувчи, бу борадаги илм-фанни ривожлантирувчи, қонунни амалга оширувчи, ёш ҳуқуқшуносларнинг нут¬қий малакаси ва маҳоратини шакллантирувчи асосий илмий-маърифий марказдир. Она тилимизнинг ҳуқуқий мавқеини мустаҳкамлаш, давлат тилига оид фанларни ўқитишни яхши йўлга қўйиш ҳам ҳуқуқий, ҳам лисоний саводхонликни шакллантириш, миллий ҳуқуқшунослик мактабини яратиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг гаровидир.


Нусратулло Жумахўжа,
филология фанлари доктори

Ҳуқуқ ва бурч
2009 йил 10-сон
www.huquqburch.uz

Ушбу мақола матни “Yurida” қонунчилик базаси дастуридан олинган.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига