Yangi hujjatlar

Нотариус кафолати ҳуқуқ ва мажбуриятга асосланади

НОТАРИУС КАФОЛАТИ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТГА АСОСЛАНАДИ
Холида КОМИЛЖОНОВА, Сирғали тумани 3-сон давлат нотариал идораси нотариуси
“Huquq va burch”, 2012 йил 10-сон. Манба

«Уйинг буғдойга тўлсин, ҳовлинг уловга…»

Дунё тажрибасида иқтисодиётни ривожлантиришнинг шундай услуби ҳам бор: аввал иқтисодиётнинг маълум соҳасига катта сармоя ажратилади. Давлат эътибори шу соҳани мустаҳкамлашга қаратилади. Ушбу соҳа тизимга айлангач, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини локомотив сингари ўз ортидан тортиб кета бошлайди. Ўз вақтида Англияда оғир металлургия ва тўқимачилик, Японияда электроника, Францияда кон саноати ана шундай вазифани бажарган. Юртбошимиз ташаббуси билан йигирма йил олдин асос солинган автомобилсозлик саноати бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг ана шундай етакчи кучига айланди дейишимиз мумкин.

1997 йилгача Сирғалидаги автомобиль бозорида асосан хорижда ишлаб чиқарилган, эски моделдаги автомобиллар сотиларди. Асакада автомобиль заводи ташкил қилингач, бозорга «ўзимизники»лар кириб келди. Кўп ўтмай «Nexia», «Damas» машиналарига талаб ошиб кетди.

Аҳолининг реал даромадлари ошаётгани, турмуши фаровонлашаётгани ушбу бозор фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланади. Бизнинг нотариал идорамиз ҳам шунга мос равишда доим олди-сотди шартномаси расмийлаштирмоқчи бўлган фуқаролар билан гавжум. Идорамиз Сирғали туманидаги автомобиль бозорида жойлашган. Фуқароларга, харидорларга қулайлик яратиш мақсадида ташкил қилинган ушбу идора 10 йилдан бери фаолият юритиб келади. Бу ерда шанба ва якшанба ҳам иш куни сифатида белгиланган.

Шу идорада фаолият юритар эканмиз, кўз ўнгимизда бозор йиллар давомида кенгайиб, обод бўлиб борганига, автомашиналарнинг сони, тури кўпайганига гувоҳ бўлиш қувончли. Илгари бозор усти чала ёпилган иккита-учта павильондан иборат эди. Эндиликда сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам замонавий шароитларга эга савдо комплекси хизматидан фойдаланишади. Бозор доим гавжум. Табиийки, бу ерда пок инсонлар билан бир қаторда ёмон ниятли кимсалар ҳам учраб туради. Ахир, бозор ўз номи билан бозор-да.

Эгри йўлнинг охири

Автомобиль олди-сотдиси билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширишда томонларнинг шахсига алоҳида эътибор қаратишга тўғри келади. Битим ихтиёрий равишда тузилаётгани, бир тараф эгри йўл билан бойлик орттиришга ҳаракат қилмаётганига ишонч ҳосил қилиш зарур. Афсуски, нияти холис бўлмаганларни тезда аниқлаб олишнинг имкони йўқ. Улар нотариал ҳаракатларни тўлиқ амалга оширишдан, сотилган машинани расмийлаштиришдан қочишга уринишади. Айниқса, ишлаб чиқарилганига бир йил тўлмаган автомобилларни расмийлаштиришда белгиланган тартибни четлаб ўтишга уринишлар бор. Масалан, харидорга янги машина ёқди. Лекин унинг ишлаб чиқарилганига бир йил тўлмаган. Бундай пайтда сотувчи бож ва бошқа тўловлар миқдори баланд деб уни бир йилдан кейин расмийлаштириб беришни таклиф қилади. Пулни олади. Автомашинани харидорга бериб юборади. Орадан бир йил ўтгач эса автомобилни расмийлаштиришдан бош тортади.

Бошқа бир ҳолатда харидорга вақтинчалик ишончнома орқали машинани миниб юриш таклиф қилинади. Ишончнома вақти тугагач эса эгалари турли баҳоналар билан уни расмийлаштириб беришдан қочишади. Табиийки, машинани зўравонлик билан қайтариб олишади. Худди шундай ҳолат Сирдарё вилоятида яшовчи бир фуқарога нисбатан содир этилганди.

2011 йил ўрталари эди. Хонамга 3 киши кириб келди. Улар машинани бошқариш учун ишончнома расмийлаштиришга киришганини айтишди. Машина фарғоналик йигитники экани, у уловини янгийўллик дўстига вақтинча миниб юриш учун бераётгани маълум бўлди. Мен қайта-қайта савол бериб, расмийлаштириш ихтиёрий бўлаётганини, ўртада олди-сотдига доир элементлар йўқлигини аниқладим. Улар машина сотилмаётганини бир неча бор таъкидлашди.

Орадан уч-тўрт кун ўтди. Хонамга ўша фарғоналик йигит билан унинг дўсти кириб келди. Улар даллоллик билан шуғулланган бир йигитни топишда ёрдам беришимни илтимос қилишди. Маълум бўлишича, фирибгар машинани 5 минг долларга олиб, харидорга 9 минг долларга сотган. Пулни олган, лекин сотувчига бермаган. Сабаб сифатида сотувчининг турмуш ўртоғи йўқлигини, ҳозирча ишончнома орқали расмийлаштиришни таклиф қилган. Сотувчига олди-сотди битими тузилганидан кейин пулни оласиз деб баҳона қилган. Табиийки, машинани қанчага сотганини, неча пулга олганини, даллол сифатида каттагина фойда кўрганини сир сақлаган. Мен эса уларнинг истагига кўра ишончномани қонунга мувофиқ расмийлаштириб берганман.

Хонамдан чиққанидан кейин сотувчи хотинини олиб келиш учун Фарғонага кетган. Харидор эса машинани ишончнома орқали ўзида қолдирган. Бу орада даллол ғойиб бўлган. Сотувчи ҳам, харидор ҳам аросатда қолиб кетган. Уларга ҳуқуқ-тартибот органлари билан боғланишда ёрдам бердим. Фирибгар ички ишлар ходимлари кўмагида бир неча кунда топилди. Ҳақиқат тикланди. Алданган йигитлар эса жиддий сабоқ олишди.

Талабчанлик ҳақида

Принципиал талабчанлик фуқароларнинг ўзидан ҳам қонуний хатти-ҳаракатни тақозо этади. Масалан, нотариат биносида одам қанча кўп бўлмасин, навбатда туриб расмийлаштириш жараёнида қатнашиш шарт.

Одамлар кўпинча шу саволни беради: нега нотариуснинг ҳузурида одам ниҳоятда кўп? Уларнинг сонини камайтириб бўлмайдими? Ҳозирги замонда ҳамманинг вақти зиқ бўлса…

Бундай ёндашув мутлақо нотўғри. Чунки нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун зарур бўлган шахслар расмийлаштириш жараёнида ҳозир бўлишлари шарт. Бинобарин, уларнинг сонини камайтириш у ёки бу фуқаронинг ҳуқуқини бузиш, салбий оқибат келтириб чиқариш демакдир. Нотариусга мурожаат қилаётган фуқароларнинг кўплиги ҳуқуқий жараёнларнинг қонуний тус олаётганидан далолат беради.

Бозорда автомобиль сотган шахс турмуш ўртоғини расмийлаштириш жараёнига олиб келмаган ҳолатлар кўп учрайди. Мамлакатимиз қонунларига биноан эр-хотиннинг мулки умумий ҳисобланади. Бинобарин, мулк сотилаётганида икковининг ҳам розилиги керак бўлади. Буни кўпинча олди-сотди иштирокчиларига тушунтиришга тўғри келади. Шукрки, кейинги пайтда бундай салбий ҳолатлар камайди.

Фаолиятимизни такомиллаштириш – бурчимиз

Замоннинг шиддат билан ривожланаётганини қаранг. Бир неча йиллар аввал нотариуслар асосан автотранспорт воситалари ва тураржойларни тасарруф этиш билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш, ҳужжат нусхаларини шаҳодатлаш ва мерос гувоҳномаларини тасдиқлаш билан шуғулланиб, ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганини, пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олиш, юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларини тасдиқлаш каби нотариал ҳаракатларни умуман бажармасди. Бугунги кунда гаров, жумладан, ипотека шартномаларини, таъсис ҳужжатларини, юридик шахсларнинг устав фондини, банк карточкаларидаги имзоларини тасдиқлаш каби кўплаб нотариал ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шу орқали фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, фаровон, эркин яшашлари учун кафолат яратиш, ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишга ҳисса қўшиш бизнинг шарафли бурчимиздир.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (17)
  • Йўқ (3)
  • Бироз (3)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига