Yangi hujjatlar

Олий таълим тизими жиддий ислоҳ қилинмоқда! Нималар ўзгаради?

2018 йил 5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Мазкур Президент қарорини олий таълим тизимининг сифати ҳақида қайғуриб, жон куйдирган барча инсонларнинг ғалабаси дейиш мумкин.

Албатта бу дастлабки қадам, қоғоз бошқа, амал бошқа. Аммо, лекин, бироқ, Президент қарорида тизимни ижобий томонга ўзгартиришга, эскилик сарқитларини парчалашга қаратилган жуда кўп ислоҳотлар санаб ўтилганининг ўзиёқ кишини хурсанд қилади!

Энг аввало Президент қарорида ОТМларда таълим сифатини оширишга тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар санаб ўтилди, хусусан:

биринчидан, олий таълим тизимида ўқитишни ташкил этиш жараёни, таълим олаётган талабалар билимини баҳолаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти;

иккинчидан, профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини, билимини ва педагогик кўникмасини баҳолашнинг замонавий тизими мавжуд эмаслиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда;

учинчидан, олий таълим муассасаларига кириш тест саволлари абитуриентнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини аниқлаш имконини бермаётганлиги иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига қабул қилишда муаммолар келтириб чиқармоқда;

тўртинчидан, олий таълим муассасаларидаги таълим жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг ўрнатилмаганлиги ушбу соҳада кўплаб муаммоларнинг, энг аввало, коррупция ҳолатларининг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда;

бешинчидан, олий таълим муассасаларининг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ва тизимли ўзгаришлардаги иштироки ҳамда ташаббускорлиги сезилмаяпти, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолияти ҳанузгача қониқарсиз бўлиб қолмоқда;

олтинчидан, республикамизда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга, кенг жамоатчиликка тушунтиришда олий таълим муассасаларининг фаол иштироки йўлга қўйилмаган;

еттинчидан, олий таълим муассасалари инновацион ва технологик ғоялар билан фикр алмашадиган мулоқот марказларига айланмаган, тегишли соҳаларда мавжуд муаммо ва камчиликларни тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклиф киритиш борасида профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабаларнинг ташаббус кўрсатишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмаган.

Президент қарорида белгиланган олий таълим тизимида амалга ошириш назарда тутилган барча ўзгаришларни қисқа рўйхатда ифодалаб чиқдим. Қуйида ушбу рўйхат билан танишишингиз мумкин:

👉 айрим йўналишларда бакалавр – 3 йил, магистратура – 1 йил бўлади;

👉 абитуриентлар ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиш тизими босқичма-босқич яратилади;

👉 кириш имтиҳонларидаги тест саволлари тайёрлаш услубларини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқилади;

👉 илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл бериш ва ушбу фанлар тест синовидан озод қилиш тартиби жорий қилинади;

👉 Ўзбекистон ва хорижий ОТМларнинг ўзаро келишуви ҳамда қўшма таълим дастурлари асосида талабаларни ўқитишни ташкил этиш ва икки томонлама тан олинадиган диплом бериш амалиёти жорий этилади;

👉 хорижий фуқаролар бакалавриатга квотадан ташқари суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилинади;

👉 Ўзбекистонда ўқиш истагини билдирган хорижий фуқаролардан визаларни расмийлаштириш учун консуллик ва бошқа тўловлар ундирилмайди;

👉 талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг янги тизими жорий қилинади;

👉 талабалар билимини баҳолашнинг замонавий, шаффоф ва адолатли (автоматлаштирилган, портфолио, тест синовлари, ижодий иш, антиплагиат ва ҳ.к.) усуллари жорий қилинади;

👉 муайян фандан дарс берган педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини истисно этадиган тизим жорий этилади;

👉 семестр якуни бўйича академик қарздор талабанинг қайта топшириши мумкин бўлган фанлар сони белгиланади ва уларни топшириш муддати ўзгартирилади;

👉 ҳар бир ОТМда 1-курс давомида саралаб олинган энг иқтидорли талабалар учун алоҳида гуруҳлар ташкил этилади, 2-курсдан уларни ўқитиш алоҳида ўқув режа ва дастурлар асосида амалга оширилади, улар магистратурага мақсадли қабул қилинади ва бу орқали ОТМ кафедралари учун малакали кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилади;

👉 битирувчиларини якуний давлат аттестациясидан ўтказиш тартиби янада такомиллаштирилади;

👉  профессор-ўқитувчиларни уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқланди;

👉  давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар юқоридаги талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилди;

👉  2019/2020 ўқув йилидан бошлаб “талабанинг ўзлаштириш даражаси – профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони” тамойили жорий қилинади, бунда талабларга жавоб бермайдиган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган чоралар кўриш белгиланади;

👉  профессор-ўқитувчиларнинг вақтини ўқув жараёнига хос бўлмаган ишларга сарфлашнинг олдини олиш ҳамда уларни талабалар билан кўпроқ ишлашга йўналтириш мақсадида ўқув юкламаларини ҳисобга олган ҳолда профессор-ўқитувчилар “вақт меъёрлари”нинг янги механизмлари ишлаб чиқилади;

👉  барча ОТМларда талабалар, ота-оналар, Ёшлар иттифоқининг фаоллари, кадрлар буюртмачилари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат таркибда жамоатчилик кенгашлари ташкил этилади;

👉  ОТМ маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори лавозими ўрнига ёшлар билан ишлаш бўйича проректори лавозими жорий этилади;

👉  вазирлар тасарруфидаги ОТМлар фаолияти юзасидан ҳар йили Вазирлар Маҳкамасида ҳисобот беради ҳамда ректорларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги ёки нолойиқлиги масаласи кўриб чиқилади;

👉  ректорларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо беришда ўқув жараёнига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларнинг кенг жалб қилинганлиги, шунингдек, Ўзбекистонда етакчи хорижий ОТМларнинг филиалларини очишдаги ташаббускорлиги инобатга олинади;

👉  янги ғоя ва ташаббусларни шакллантириш мақсадида ҳар бир олий таълим муассасасида “Ёш экспертлар гуруҳи” ташкил этилади;

👉  Ёш олим ва талабаларга ҳамда ташаббускор фуқароларга “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони таъсис этилади;

👉  Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида қўшимча 2 та штат бирлигида Ахборот хизмати ташкил этилади, ОТМларда эса қўшимча 1 тадан штат бирлигида матбуот котиби лавозими жорий этилади;

👉  ОТМ талабаларининг малака амалиётини ўташ тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади;

👉 республика етакчи илмий журналларининг босқичма-босқич юқори импакт-факторга эга бўлишини таъминланади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (219)
  • Йўқ (13)
  • Бироз (11)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига