Yangi hujjatlar

Жиноят кодексига озодликни чеклаш тарзидаги янги жазо тури киритилди

2015 йил 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекканлиги ҳақида хабар берган эдим.

Ушбу Қонун асосида 5 та Кодекс, 6 та Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Жиноят кодексига озодликни чеклаш тарзидаги янги жазо тури киритилди.

Бунга кўра, озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат эканлиги белгиланди.

Озодликни чеклаш олти ойдан беш йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади.

Қўлланилаётган тақиқнинг (чеклашнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, суд маҳкумнинг зиммасига қуйидаги қўшимча тақиқларни (чеклашларни) юклатиши мумкин:

  • муайян жойларга бормаслик;
  • оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
  • муайян фаолият билан шуғулланмаслик;
  • муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик;
  • транспорт воситасини бошқармаслик;
  • маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;
  • муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;
  • алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик;
  • алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик.

Озодликни чеклаш ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тайинланмайди.

Эслатиб ўтаман, бугунги кунгача Ўзбекистон Республикасида 8 та асосий ҳамда 2 та қўшимча жазо тури мавжуд эди. Булар қуйидагилар:

Асосий жазолар:

1) жарима;

2) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;

3) ахлоқ тузатиш ишлари;

4) хизмат бўйича чеклаш;

5) қамоқ;

6) интизомий қисмга жўнатиш;

7) озодликдан маҳрум қилиш;

8) умрбод озодликдан маҳрум қилиш.

Қўшимча жазолар:

1) ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш;

2) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (157)
  • Йўқ (6)
  • Бироз (7)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига