Янги ҳужжатлар

Россиядаги мактаблар биносида давлат байроғини доимий равишда илиб қўйиш белгиланди

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин “Давлат байроғи тўғрисида” ҳамда “Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонунларга ўзгартириш киритиш ҳақидаги Федераль Қонунга имзо чекди. Мазкур Қонунга кўра, Россия давлат байроғи ҳамда мадҳиясидан қайси ҳолатларда фойдаланиш шартлиги белгилаб қўйилди. Бу ҳақида Гарант.ру ҳуқуқий портали хабар бермоқда.

Россия Федерацияси Президенти қошидаги Давлат-ҳуқуқий бошқармаси берган маълумотга кўра, Қонуннинг қабул қилинишидан асосий мақсад, таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принципларидан бирини – таълим олувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашни рўёбга чиқаришдан иборат.

Қонунга биноан, РФ давлат байроғи умумтаълим муассасалари биносида доимий равишда илиб қўйилиши белгиланди. Бунда умумтаълим муассасаларининг давлат ёки хусусий сеткорга тегишлилиги аҳамиятга эга эмас. Бундан келиб чиқадики, Россиядаги барча мактаблар биноси узра эндиликда давлат байроғи ҳилпираб туради.

Шунингдек, оммавий тадбирлар давомида, хусусан, таълим муассасалари томонидан ташкиллаштирилган спорт ва соғломлаштириш тадбирларида давлат байроғи кўтарилиши белгиланди.

Бундан ташқари Қонунга биноан, умумтаълим ва профессионал таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланишида биринчи дарс машғулоти олдидан Россия давлат мадҳияси албатта ижро этилиши шарт этиб қўйилди. Шунингдек, таълим муассасалари томонидан ташкиллаштирилган давлат ёки муниципиал байрамларга бағишланган тантанали тадбирларда ҳам давлат мадҳияси ижро этилиши шарт қилиб белгиланди.

Қонунга кўра, Россия давлат мадҳияси ёдгорликлар очилишида, давлат ёки муниципиал байрамларга бағишланган тантанали тадбирлар олдидан ижро этилиши шарт қилиб қўйилди.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:

Ушбу мавзуга алоқадор Ўзбекистон қонунчилиги ҳақида маълумот берсам. “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги (1991 йил 18 ноябрь) ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги (1992 йил 10 декабрь) Қонунларга 2010 йил 24 декабрь куни кўплаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Унга кўра, давлат рамзларидан фойдаланиш шартлари тубдан ўзгартирилди.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи доимий равишда қуйидаги биноларда илиб қўйилиши лозим:

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳларининг;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг;
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг;
  • республика давлат бошқаруви органларининг;
  • Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг;
  • Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг;
  • Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг;
  • Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг;
  • судларнинг;
  • прокуратура органларининг биноларида.

Кўриб турганингиздек, рўйхатда таълим муассасалари йўқ.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси эса қуйидаги ҳолатларда ижро этилиши лозим:

1) Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш чоғида – у қасамёд қабул қилганидан сўнг;
2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сессияларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисларининг очилиши ҳамда ёпилиши чоғида;
3) Ўзбекистон Республикасида нишонланадиган умуммиллий байрамларга бағишланган тантанали йиғилишлар ва мажлисларнинг очилиши чоғида;
4) давлат телевидение ва радиоэшиттириш компаниялари томонидан ҳар куни – кўрсатув ва эшиттиришлар бошланишидан аввал ва тугаганидан сўнг, кўрсатув ва эшиттиришлар кечаю кундуз олиб борилганида эса соат 6 да ва соат 24 да, янги йил кечасида – соат 24 да;
5) республика ҳаётидаги муҳим тарихий воқеаларни нишонлаш юзасидан, атоқли сиёсий, давлат, ҳарбий арбоблар, халқ қаҳрамонлари, фан, адабиёт ва санъат арбоблари шарафига ўрнатилган ҳайкаллар, шунингдек монументлар, ёдгорликлар ва бошқа иншоотларнинг очилиши чоғида;
6) давлат органлари, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган маросимлар ва бошқа тантанали тадбирлар вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини кўтариш чоғида;
7) расмий сафар билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш чоғида – тегишли хорижий давлатнинг давлат мадҳияси ижро қилиб бўлинганидан кейин;
8) ҳарбий маросимларни ўтказиш вақтида – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ;
9) умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида – янги ўқув йили бошланиши ва ўқув йили тугаши маросимлари чоғида;
10) спорт майдонларида – Ўзбекистон Республикаси чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида.

Кўриб турганингиздек, бизда ҳам ўқув йили бошланишида ва ҳаттоки тугашида ҳам давлат мадҳияси ижро этилиши белгилаб қўйилган.

Маълумот ўрнида айтишим мумкинки, яқинда Ўзбекистонда спорт мусобақалари ўтказиш вақтида ҳамда хорижий давлатлардаги тадбирлар вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш қоидалари тасдиқланган эди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (6)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига