Янги ҳужжатлар

Шотландия 2016 йилда Буюк Британия таркибидан ажралиб чиқиши мумкинлигини эълон қилди

Шотландияда 2014 йил 18 сентябрь куни умумхалқ референдуми ўтказилади. Ушбу референдумда шотландлар “Сиз Шотландия мустақил давлат бўлиши керак деб ҳисоблайсизми?” деган саволга жавоб берадилар. Агар кўпчилик бу қарорни тасдиқласа, унда Шотландия 2016 йил 24 мартдан бошлаб мустақил жавлат сифатида Буюк Британия таркибидан ажралиб чиқиши мумкин. Бу ҳақида Риа Новости ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, референдум куни аввалроқ маълум бўлганди, лекин агар референдумда шотландлар мустақилликни қўллаб қувватласа, унда Шотландиянинг Буюк Британия таркибидан ажралиб чиқадиган куни илк марта эълон қилинди. Бу тўғрида Шотландия биринчи вазири ўринбосари Никол Стерджен маълум қилган.

“Мустақилликни қўлга киритиш катта ҳажмли ва ҳар томонлама ўйланган лойиҳа ҳисобланади. Умуман олганда мустақил давлат бўлишни нафақат Шотландия, балки исталган давлат хоҳлаган бўларди”, – дея таъкидлади Стерджен. Унинг қўшимча қилишича, босқичма-босқич мустақилликка эриши йўлида алоҳида дастур ишлаб чиқилган бўлиб, у “Оқ китоб” деб номланади. Ушбу дастур билан референдумда овоз бериш ҳуқуқи бор барча фуқаро яқиндан танишиб чиқиши мумкин.

Аввалроқ Буюк Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Шотландия биринчи вазири Алекс Салмонд билан мустақиллик масаласида дебат уюштиришдан бош тортган эди.

Шотландия 1707 йилдан буён Буюк Британия таркибида бўлиб, фақат 1997 йилга келибгина чекланган автоном ҳуқуқларга эга бўлишга эришганди. 1999 йилдан бошлаб Шотландия ўз парламентига ва ижро ҳокимиятига эга бўлди. Аммо энг муҳим масасаларда эркинликлари чекланган бўлиб, асосан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, транспорт масалаларидагина мустақил иш юрита олади холос. Шунингдек, Шотландия ўзининг суд тизимига ҳам эга.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (7)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига