Yangi hujjatlar

Шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлган ака-ука Синдоровларга Президент совғаси топширилди

Шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионлари – Исломбек ва Жавоҳир Синдоровларга Президентимиз совғаси топширилди. Бу ҳақда, ЎзА хабар бермоқда.

Photo: ЎзА

Photo: ЎзА

Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида тадбир бўлиб ўтди.

Бу ёш иқтидорли болаларнинг халқаро майдонларда эришаётган юксак ғалабалари барчамизни қувонтиради. Яқинда Грециянинг Кавала шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ёш шахматчиларимиз Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар иккитадан олтин медални қўлга киритгани ҳамюртларимиз қалбини фахр-ифтихорга тўлдирди.

Жаҳон чемпионати ғолиблари Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар Президентимиз Ислом Каримов томонидан энг сўнгги русумдаги замонавий компьютерлар билан тақдирланди. Уларнинг ота-онасига замонавий LCD телевизори берилди. Президентимиз совғаларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов топширди.

– Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Рустам Қосимжоновга ҳавас қиламиз, – дейди Жавоҳир Синдоров. – Президентимизнинг совғаси бизни янада юксак марралар сари руҳлантиради, катта куч бағишлайди.

Эслатиб ўтаман, Синдоровларнинг каттаси Жавоҳир 9 ёшда, кичиги Исломбек эса 7 ёшда. Ёдингизда бўлса, Исломбек Синдоров 2013 йили Эрондаги Осиё чемпионатида бирйўла учта олтин медални қўлга киритиш билан бирга, турнир давомида барча 21 партияда ғалаба қозониб, ўзига хос рекорд қўйган эди.

Яна бир қизиқ маълумот. Исломбек Синдоров 2007 йили 30 январь куни, яъни Президентимиз Ислом Каримов билан бир кунда таваллуд топган, айнан шу сабабдан ёш жаҳон чемпионининг ота-онаси унга Исломбек дея исм қўйишган.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (22)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига