Yangi hujjatlar

Тошкент давлат стоматология институти ташкил этилди

2014 йил 22 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди.

Президент қарори стоматология соҳасидаги юқори малакали тиббиёт кадрларини халқаро талаблар ва стандартлар даражасида тайёрлашни янада такомиллаштириш, таълим жараёнини ташкил қилишнинг замонавий талабларига мос келадиган ўқув ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, илғор ахборот-коммуникация ва таълим технологияларини жорий этиш, бўлғуси стоматолог мутахассисларнинг назарий тайёргарлигини улар ўрганаётган амалий кўникмалар билан чамбарчас боғлаган ҳолда олиб борилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Стоматология институти Тошкент тиббиёт академиясининг стоматология факультети негизида ташкил этилади.

Шунингдек, Андижон, Бухоро ва Самарқанд тиббиёт институтларининг стоматология факультетлари, Тошкент педиатрия институти Нукус филиалининг стоматология факультети негизида Тошкент давлат стоматология институтининг республика минтақаларидаги филиаллари ташкил этилади.

Бундан ташқари, Тошкент давлат стоматология институти ҳузурида Стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги илмий-амалий маркази ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.

Тошкент давлат стоматология институтининг бошқарув ходимлари чекланган сони 35 кишидан иборат бўлади.

Институт ўз фаолиятини 2014/2015 ўқув йилидан бошлайди. Шу ўринда савол туғилади: институтга қабул жараёнлари қай тарзда ўказилади?

Президент қарорида таъкидланишича, 2014 йилда Тошкент тиббиёт академиясига ҳамда стоматология йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича республиканинг бошқа олий тиббиёт таълим муассасаларига ҳужжатларини топширган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган абитуриентлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2014/2015 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида” 2014 йил 26 июндаги ПҚ-2193-сонли қарори билан тасдиқланган қабул квоталарига мувофиқ Тошкент давлат стоматология институти ҳамда унинг филиалларининг тегишли йўналишлари ва мутахассисликларига қабул қилинадилар.

Бу нима дегани?

Бу шуни англатадики, Тошкент давлат стоматология институтига жорий йилда стоматология йўналишларига нечта квота ажратилган бўлса, барчаси олиб берилади.

Маълумот учун 2014/2015 ўқув йилида Тошкент тиббиёт академияси стамотология факультети учун 200 та ўрин (60 бюджет, 140 контракт), Тошкент педиатрия институти Нукус филиалининг стоматология факультети учун 35 та ўрин (10 бюджет, 25 контракт), Андижон тиббиёт институти стоматология факультети учун 25 та ўрин (10 бюджет, 15 контракт), Бухоро тиббиёт институти стоматология факультети учун 75 та ўрин (25 бюджет, 50 контракт), Самарқанд тиббиёт институти стоматология факультети учун 40 та ўрин (10 бюджет, 30 контракт) ажратилган эди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Тошкент давлат стоматология институтига жорий йилда жами 375 нафар талаба қабул қилинади. Шундан 115 нафари бюджет, 260 нафари контракт асосида.

ДТМ сайтидаги маълумотга кўра, жорий йилда республика бўйича стоматология йўналишларига жами 4 минг нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, ОТМлар кесимида абитуриентлар сони қуйидагича кўриниш олган:

 

Стоматолория йўналиши мавжуд бўлган ОТМлар

Абитуриентлар сони

1

Тошкент тиббиёт академияси

1786

2

Тошкент педиатрия институти Нукус филиали

327

3

Андижон тиббиёт институти

736

4

Бухоро тиббиёт институти

680

5

Самарқанд тиббиёт институти

471

 

Тошкент давлат стоматология институти вақтинча Тошкент тиббиёт академиясининг Тошкент шаҳри, Тараққиёт кўчаси, 103-уйда жойлашган 3-сонли клиникаси ҳудудида жойлашади. 2015 йилдан институтнинг янги бинолари мажмуи, жумладан, ётоқхона, унинг филиаллари қурилишини бошлаш учун молиялаш манбалари, жумладан, грантлар, имтиёзли хорижий кредитлар ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни белгилаган ҳолда жорий йилнинг охиригача зарур лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилади.

Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилиш учун Бош Вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилигида махсус комиссия тузилди.

Тошкент давлат стоматология институти ва унинг филиалларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхат бўйича олиб кириладиган стоматологик асбоб-ускуналар, ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, бошқа махсус асбоб-ускуна ва инвентарлар учун 2020 йилнинг 1 январигача бож тўловлари (божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун йиғиладиган йиғимлар бундан мустасно) тўлашдан озод қилинди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (94)
  • Йўқ (11)
  • Бироз (9)

3 фикр

  1. Cтомотология очилгани жуда яхши иш булибди

  2. Buxorn tibbiyot inst.da 75 nafar talaba qabul qilinsa shunadan 63 nafari uzbek 12 nafari rus gruppada buladimi

  3. tabriklaymiz!

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига