Янги ҳужжатлар

Тошкент давлат юридик университети магистратурасига қабул қилиш тартиби ўзгартирилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 23 июлдаги №206-сонли қарорига асосан, “Тошкент давлат юридик университети магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланди.
Мазкур Низом “Таълим тўғрисида”ги қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2013 йил 28 июндаги ПҚ-1990-сон қарорига мувофиқ қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси қарорида ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш, кейинги ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ магистратурасига мутахассисликларнинг янгиланган рўйхатини жорий қилиш бўйича таклифлар киритиш, 2010 йил 18 июндаги “Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга ўзгартириш киритиш каби масалалар ўрин олган.
Айтиш жойизки, бугунги кунда Республика ОТМларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан олиб борилар эди. Ушбу Низом фақатгина ҳарбий таълим муассасаларига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси магистратурасига нисбатан татбиқ этилмас эди. Эндиликда киритилган ўзгартириш бўйича мазкур Низом Тошкент давлат юридик университети магистратураси учун ҳам татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилди.
Хўш, савол туғилиши мумкин, янги қабул қилинган Низом бўйича ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш тартиби қолган ОТМлардаги тартибдан нимаси билан фарқ қилади? Асосий фарқли қоидалари қайсилар?
Ушбу саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:
1. Энг аввало кириш балларининг таркиби ўзгарди. Яъни, ТДЮУ магистратурасига киришда эндиликда олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи ҲИСОБЛАНМАЙДИГАН бўлди. Бу нима дегани?
Биламизки, магистратурага қабулда максимал 300 балл тўплаш мумкин. Шундан, 200 баллини кириш синовлари орқали, қолган 100 балли эса диплом иловада кўрсатилган ўзлаштириш баллини қўшиш орқали тўпланарди. ТДЮУ магистратурасига қабулда эса бундан буён фақат кириш синовларида тўплаган баллари инобатга олинади, бакалаврда ким қанақа ўқиганлиги, ўзлаштириш кўрсаткичи қанақа бўлганлиги эндиликда аҳамиятга эга эмас.
2. Кириш имтиҳонларининг шакли ўзгарди ва қатъий қилиб белгиланди. Яъни, эндиликда ТДЮУ магистратурасида кириш имтиҳонлари ТЕСТ СИНОВЛАРИ ВА ЁЗМА ИМТИҲОН шаклда олиб борилади.
Тест синовлари барча фанлар бўйича: Демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти асослари, мутахассислик фани ва чет тили.
Ёзма имтиҳон фақат мутахассислик фани бўйича ўтказилади ва абитуриентларда таҳлил, тафаккур, ҳуқуқий манбалар билан мустақил ишлаш ҳамда ҳуқуқий масалалар бўйича хулосаларни ифода этиш борасида қобилиятларни аниқлашга қаратилади.
3. Тест синовлари эндиликда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИ томонидан ўтказилади. Шунингдек, тест саволлари ҳам Давлат тест маркази томонидан шакллантирилади.
4. Махсус фанга бериладиган баллар миқдори ўзгарди. Бунда Махсус фандан ҳам тест, ҳам ёзма имтиҳон ўтказилади ва ҳар бир имтиҳонга 100 баллдан – ЖАМИ 200 БАЛЛ берилади. Қолган ОТМларда махсус фанга 100 балл берилади. Демак, ТДЮУ магистратурасига киришда танланган йўналиш бўйича махсус билимлар кўпроқ талаб этилади.
5. Абитуриент имтиҳон натижаларидан норози бўлган тақдирда, шикоят бериш муддатлари ўзгарди. Ҳозирдаги тартиб бўйича, абитуриент синов натижасидан норози бўлган тақдирда, синов натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида шикоят бериши мумкин. ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш тўғрисидаги Низом бўйича, апелляция комиссиясига шикоят қилиш муддати 2 ИШ КУНИ қилиб белгиланди.
6. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари билан тақдирланган абитуриентларни қабул қилиш тартиби ҳам бироз ўзгарди. Эндиликда юқоридаги стипендия совриндорлари ТДЮУ магистратурасига давлат гранти асосида УМУМИЙ ҚАБУЛ КВОТАСИ ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИДАбакалавриатнинг таълим йўналишига мос мутахассисликларга танловдан ташқари қабул қилинади. Яъни, эндиликда стипендиатнинг магистратурага давлат гранти асосида қабул қилиниши квотада белгиланган давлат гранти учун жойга таъсир қилмайди. Улар умумий қабул квотаси доирасидан ташқарида қабул қилинади.
Мавжуд тартиб қоидага кўра, бошқа ОТМларда, стипендиатлар давлат грантига квота ичида қабул қилинади. Масалан, маълум бир йўналишга давлат гранти учун 2 та ўрин ажратилган бўлса ва ўша йўналишга 1 нафар Президент стипендияси соҳиби ва 1 нафар номли давлат стипендияси соҳиби ҳужжат топширса, ўша 2 та ўрин банд қилинади ҳамда қолган абитуриентлар фақат тўлов-контрактдаги ўрин учун ҳаракат қилишади.
Менинг фикри ожизимча, қолган ОТМларда ҳам ТДЮУда ўрнатилган тартиб қўлланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
ТДЮУ магистратурасига қолган тартиблар умумий тартиб қоидалар деярли бир хил. Бошқа катта ўзгартиришлар йўқ.
Маълумот учун айтишим мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги 199-сонли қарорига асосан Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилган ҳамда чет тили фанидан ҳам имтиҳон бўлиши белгилаб берилган эди. Бу ҳақида қуйидаги манзилдан батафсил маълумот олишингиз мумкин.
Мана бу манзилдан эса, магистратурага қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом билан танишиб чиқишингиз мумукин. (Эслатма: ҳали бу манзилдаги Низомга мен юқорида айтган ўзгартиришлар киритилмаган)
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (17)
  • Йўқ (2)
  • Бироз (0)

5 фикр

  1. 2-mutaxassislik qaysi OTM da saqlanib qolgan? Iloji bölsa shu xaqida töliqroq ma'lumot bersangiz. Oldindan rahmat

  2. Bugungi kunda Respublika OTMlarida 2-mutaxassislik yo'q.

  3. Xushnud aka 2013-yil 15-avgustdan maoshlarning oshishi munosabati bilan Kontrakt summasi yana oshadimi? Agar oshsa TDYU da (Bakalvr) qancha qilib belgilanadi? Javob uchun oldindan rahmat!

  4. Salom,Xushhnud aka Toshkent Islom universitetida ham yurisprudensiya (ta’lim yunalishi kodi:5380200 )yunalishi bor(hozir faqat 4 kurs bor chunki 2011 yil bu yunalishga qabul to’xtagan) .ular ham Toshkent davlat Yuridik universiteti magistraturasiga hujjat topshira oladimi?

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига