Yangi hujjatlar

Ўқитувчилик фаолиятим ҳақида (1-қисм)

Бугун 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни. Барча устозларимни байрамлари билан табриклайман!

Устозлар ҳақида қанча гапирсак оз дейишади. Лекин барибир гапираверамиз. Бу бурчимиз.

Устозлик шарафли касб дейишади. 2 йил давомида Тошкент давлат юридик институт (университет)да ўқитувчи бўлиб ишлаганимдан сўнг юқоридаги сўзлар нечоғлик тўғри эканлигини ҳис қилдим.

Ўқитувчи… Ҳа, илк дарсим ҳали ҳамон эсимда. Қанчалик ҳаяжонланганим, қанчалик қўрққаним…

Талабалик пайтларимдаёқ, институт маъмуриятида ишлардим. Ўқиш даврида салкам 5 йил деканатда услубчи (методист) бўлиб фаолият юритдим. Деярли ҳар куни талабалар билан муомала қилишга, улар билан учрашишга (ишлашга) тўғри келарди. Аммо методистлик бошқа, ўқитувчилик бошқа экан. Ўқитувчиликнинг юки, масъулияти оғир экан. Салобати босаркан.

Ушбу постни ёзиш фикри менда анча олдин, АҚШлик педагог Рон Кларкнинг 55 та қоидаларини ўзбек тилига таржима қилаётганимда пайдо бўлган эди. Ростини айтсам, бу мақолани ёзишдан олдин узоқ ўйландим. Ёзсаммикин, ёзмасаммикин деб. Чунки ҳали ёшгина бўла туриб, ўқитувчиликда катта тажриба тўпламай туриб, у ҳақида ёзиш қандайдир манманлик ёки кўп йиллик устозларга ҳурматсизликдек туюлди.

Лекин ўзим билан ўзимнинг узоқ тортишувимдан кейин, барибир ёзишга қарор қилдим. Фақат бир катта шарт билан. Яъни қуйида ёзганларимни манманликка йўймайсиз. Айниқса, менинг устозларим тажрибасиз шогирдининг ушбу иддаоларидан рози бўлишади деган яхши умиддаман.

Хуллас, Сизларга ушбу мақолада ўқитувчилик фаолиятим ҳақида сўзлаб бермоқчиман.

Мен икки йил давомида Тошкент давлат юридик институти (кейинчалик “университет”) “Жиноят-процессуал ҳуқуқи” кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишладим. Фаолиятим давомида бевосита жами 440 нафар талабага “Жиноят-процессуал ҳуқуқи” ва “Жиноят ишлари бўйича процессуал ҳужжатлар” фанидан дарс бердим.

Юқорида айтганимдек, ўқитувчиликнинг машаққатларини танамда ҳис қилиб кўрдим. Менимча, ўқитувчилик фаолиятим давомида ўргатишдан кўра, кўпроқ нарса ўргандим. Ўқитувчилик менга катта ҳаёт тажрибасини бера олди. Аммо менинг ўзим ўша катта ҳаёт тажрибасини талабаларга бера олмаганимдан афсусланаман.

Гапни қисқа қилиб, асосий мавзуга ўта қолай.

Ўқитувчилик касбига киришган илк кунларимда ўзим учун фаолиятимнинг асосий қоидаларни ишлаб чиқишим лозимлигини англаб етган эдим. Чунки ҳар бир ўқитувчининг ўз услуби, ўз методи бўлади.

Мен ҳам ўзимнинг оригинал услубимни, методимни ишлаб чиқишни хоҳлар эдим. Талабаларга ҳам замонавий, ҳам самарали билим бериш усулларини топишни, уларни амалиётга татбиқ қилишни жуда-жуда истар эдим.

Устозларнинг маслаҳати ва ўгитлари орқали шундай методлар жамланмасини ишлаб чиқдим. Икки йил давомида ўша методлар орқали дарс ўтдим. Мазкур методлар қанчалик самарали бўлди, талабалар ўша дарслардан қанчалик билим олишди, уларда қанчалик таассурот қолди, рости билмадим. Бунга баҳони мен эмас, талабаларим, ёнимдаги ҳамкасбларим беришади.

Лекин барибир ҳам, мен ўша методлар ҳақида бугун Сизга сўзлаб бермоқчиман. Ўша методларнинг мақсади ва эришилган натижаси тўғрисида маълумот бермоқчиман.

Демак, бошладик. Сабрингиз етса, охиригача ўқишга ҳаракат қилинг, бундан миннатдор бўламан.

Методларни шартли равишда икки турга бўлиб оламиз:

1. Дарсни ташкил этиш масаласига оид методлар;
2. Ўқув масаласига оид методлар.

ДАРСНИ ТАШКИЛ ЭТИШ МАСАЛАСИГА ОИД МЕТОДЛАР

1-метод. Биринчи дарс

Биласизми, менимча, янги ўқитувчининг биринчи дарси кўп нарсани ҳал қилади. Талабаларда янги ўқитувчи ҳақида биринчи дарсда қолган таассурот узоққача сақланиб қолади. Уларнинг хотирасига муҳрланади. Бу ерда янги ўқитувчи деганда фақат ёш ўқитувчиларни эмас, балки умуман янги гуруҳга илк марта дарсга кирган барча ўқитувчиларни назарда тутдим.

Хуллас, мен ҳам доим янги гуруҳларга дарсга кирганимда илк дарсга катта эътибор беришга ҳаракат қилдим. Биринчи дарсданоқ талабаларда ўзгача таассурот қолдириш орқали, келгусида пайдо бўлиши мумкин бўлган кўплаб муаммоларга ечим топишни мақсад қилдим.

Хўш, биринчи дарсда нималар қилдим? Бу ҳақида 2-3-методларимда ўқийсиз.

2-метод. Келинг, танишайлик

Илк дарслар одатда янги ўқитувчи ва талабаларни ўзаро танишув дарси бўлади. Ким аслида ким, қаердан, исми нима, фамилияси нима ва ҳ.к. Аксарият ҳолларда дарснинг катта қисми танишувга кетади.

Мен дарсларимда бирон марта танишув маросими қилмадим. Унинг ўрнига бошқа, айёрона усулдан фойдаландим.

Ҳар гал янги гуруҳга илк дарсимга киришимдан аввал ўша гуруҳдаги барча талабаларнинг расмига қараб, исм-фамилиясини ёдлаб чиқдим.

Юқорида айтганимдек, анча йиллар маъмуриятда ишлаганман, талабаларнинг маълумотларини топиш муаммо эмасди. Компьютеримда барча гуруҳларнинг мана бундай расмлар жамланмаси мавжуд эди:

Компьютеримдаги талабалар фотоси сақланадиган махсус папка

Компьютеримдаги талабалар фотоси сақланадиган махсус папка

Эринмасдан, ҳар бир расмга қараб, талабанинг исм-фамилиясини ёдлаб чиқардим. Бир неча марта машқ қилардим.

Ҳа, айтганча, фақат исмлар эмас, балки уларнинг анкетасидан қайси вилоятдан эканлигини ҳам ёдлардим.

Хўш, энди Сизда савол туғилгандир: бу нима учун керак бўлган?

Яхши савол. Жавоби қуйидагича:

Тасаввур қилинг. Янги дарс, янги ўқитувчи. Одатга кўра, ўқитувчи танишув маросими қилиши керак. Лекин мен фақат ўзимни таништирардим холос. Талабаларнинг фамилия-исмини сўраб ҳам ўтирмасдим.

Дарсни бошлагач, талабаларга исми билан мурожаат қилишни бошлардим. Масалан:
– Сарварбек, бугунги мавзуимиз нима эди?
Сарвар исмли талаба ҳайрон: “Мени қаердан танийди” деб?

Биттаси тасодиф бўлиши мумкин, тўғрими?

Лекин мен ҳар сафар ҳар хил талабаларга исми билан мурожаат қилардим ва имкон қадар адашмасликка ҳаракат қилардим.

Талабалардан бундан бироз саросимага тушиб қоларди ҳатто.

Тағин қўшимчасига, уларнинг вилоятларига ҳам шаъма қилиб кетардим. Масалан:

– Бобурбек, айтайлик Сиз ўз вилоятингиз Жиззахга терговчи бўлиб бордингиз. Шундай вазиятда мана бу масалани қандай ҳал қиласиз?

Талаба мен берган саволни эмас, балким “Домла мени қаердан танийди?” деган саволни кўпроқ ўйларди.

Бир-бирига пичир-пичирлар бошланарди: “Ҳаммамизни таниркан-а?” деган.

Баъзи довюраклари юрак ютиб, сўрарди ҳам: “Устоз, бизни қаердан танийсиз?”

Бундай саволларга мавҳум жавоб бериш керак, шунда яна ҳам “ваҳима” ортади: “Ҳа, энди ишимиз шу” ёки “Вазифамиз шу” деган.

Жавоб бера туриб, секин сирли кулиб ҳам қўясиз. Қўшимча эффект беради.

Бунинг нима фойдаси бор дерсиз?

Фойдаси катта. Аввало биринчи дарсданоқ ўқитувчи ўз шахсига қизиқиш уйғота олади. Дарсни тугатиб чиққанингиздан сўнг, аниқ биламан, гуруҳ талабалари камида 15 минут сизни муҳокама қилишади. “Вей, сени ҳам точный айтди-я?”, “Товба, фамилиямни ҳам биларкан-а?”, “Мени Қўқонлик эканимни билишларини айтмайсанми?” ва ҳ.к.

Ана ўша гуруҳ сизнинг иккинчи дарсингизни интиқ бўлиб кутади. Бу ўқитувчининг биринчи ютуғи. Руҳий ютуқ. Уёғига талабаларнинг ўша қизиқишини сақлаб қола билиш ёки билмаслик, ўқитувчининг ўзига боғлиқ.

Менимча, дарсга фақат ўқитувчи сифатида кирадиган педагоглар бироз қийналишади. Ҳозир фикримни аниқ тушунтира олмаётгандирман, лекин шуниси аниқки, талабалар билан муомала қилишда, уларга дарс беришда психологик восита ва усуллардан ҳам унумли фойдалана билиш керак. Бу албатта шахсий фикрим.

3-метод. Маълумотлар пойдевори

Биринчи дарсда талабаларга фан ҳақида, ўзим ҳақимда, дарс машғулотлари давомидаги амал қилишимиз лозим бўлган умумий қоидалар ҳақида маълумот берар эдим. Берадиган маълумотларим фақат оғзаки эмас, балки ёзма – тарқатма материал кўринишида бўлар эди.

Булар қуйидаги иккита тарқатма материал эди:

1. Фан соатлари, баҳолаш мезонлари, талаблар ва исм-шарифим ҳақидаги маълумот.

Дафтар орқасига ёпиштириш учун барча талабаларга тарқатиладиган эслатма

Дафтар орқасига ёпиштириш учун барча талабаларга тарқатиладиган эслатма

Пастдаги ёзувларга эътибор беринг 🙂

2. Қайси мавзу қайси санада ўтилиши ва дарс машғулотининг тури (маъруза, семинар, амалий) ҳақида маълумот.

Дарс машғулотлари режаси

Дарс машғулотлари режаси

Бундан мақсад нима?

Талаба халқи бироз дангаса ва баҳоначироқ бўлади (ўзим ҳам ғирт шунақа талаба бўлганман). Уларга келгусида баҳона қилишга имкон бермаслик керак. Шу сабабли, илк дарсда юқоридаги тарқатма материалларни ҳар бир талаба учун алоҳида чоп этиб, кейин дарсга кирардим. Тарқатмаларни ҳар бир талабага шахсан тарқатиб, дафтарларининг орқасига ёпиштириб қўйишларини сўрардим.

Бу ерда яна бир жиҳатга эътибор бериш керакки, баъзи ўқитувчилар шундай тарқатмаларни бир ёки икки дона чиқариб, “ўзингиз кўпайтириб, оволинглар” дейишади. Аммо юқорида айтганимдек, бундай вазиятларда дангасалик бироз панд беради.

Ҳар қандай тарқатма материални яхшиси ўзим чиқариб, ўзим тарқатганим маъқул деб ўйлардим.

4-метод. “Сиз” ҳам, “сен” ҳам бир оғиздан чиқади

Дарс вақтида барча талабаларга “Сиз” деб мурожаат қилар эдим.

Шундай талабалар бўлар эди-ки, уларни азалдан танийман, дарсдан ташқарида “сен” деб мурожаат қиламан. Аммо дарс вақтида уларга ҳам бирдек “Сиз” дердим. Ўқитувчи сифатида талабани сенсираб гапириш мен учун жуда хунук ишдек кўринарди хаёлимда. Бунга албатта ёшимнинг ҳам таъсири бор, менимча. Кўпчилик талабаларнинг ёши мендан катта эди.

Ҳа, айтганча, айтиш эсимдан чиқибди, биринчи дарсга киришдан олдин талабаларнинг нафақат исми-фамилияси ёки вилояти, балки ёшларини ҳам ўрганиб чиқардим. Агарда ёши мендан катта талаба бўлса, биринчи дарснинг ўзидаёқ ўша талабаларга “ака” деб мурожаат қилардим. Бундан ҳечам уялмаганман, хижолат бўлмаганман.

5-метод. Инсон учун энг ёқимли сўз – ўз исми

Юқорида айтганимдек, дарс вақтида доимо талабаларга исми билан мурожаат қилар эдим. Исмларга албатта ҳурмат қўшимчаларини қўшардим. Масалан, Бобурбек, Акромжон, Аброрхон ва ҳ.к.

Лекин қизларга исми билан эмас, фамилияси билан мурожаат қилардим. Талаба қизларни исми билан чақириш менга хунук кўринарди.

6-метод. “Ало, ало”

Ушбу метод жуда ғалати кўринса керак кўпчиликка. Баъзилар нотўғри хаёлга ҳам борса ажаб эмас. Аммо наилож, қилинган ишни қилинди дейиш керак.

Хуллас, талабалар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш мақсадида мобил телефонимга талабаларнинг телефон рақамларини битталаб “сохранить” қилиб чиққанман.

teacher-20   teacher-19

У ерда нафақат телефон рақамлар, балки уларнинг гуруҳлари, туғилган санаси, туғилган (яшаш) жойи ва шарифи ўрин олган.

Бундан кўзланган мақсад нима эканлигини 7, 8 ва 9-методларда тушунтираман.

P/S: Мазкур метод фақат 2013/2014 ўқув йили 1-семестридаги 100 нафар талабага қўлланилди. Кейинчалик 2-семестрда яна янги 205 нафар талабага қўлланилмаган.

7-метод. SMS

Бу метод бироз қимматроқ, лекин анча самарали метод. Ва кўп меҳнат талаб қилади ҳам.

Талабаларга ҳар дарсдан олдин SMS юборишни одат қилгандим. Ҳа, ҳа, адашмадингиз, ҳар ҳафта, ҳар дарсдан олдин.

SMSлар мазмуни тахминан қуйидагича: “Эртага фалон мавзу. Ўқиб келсангиз яхши бўларди. Ҳурмат билан…”

teacher-4   teacher-7

Талабаларга гуруҳ-гуруҳ тарзда SMS юборардим.

Бу кўп ҳам машаққат талаб этмасди. Чунки телефонимда барчаси гуруҳларга ажратилганди. Битта буйруқ орқали, битта SMSни барча гуруҳ талабаларига юбора олардим.

Гуруҳларга ажратилган ҳолда сақланган телефон рақамлари

Гуруҳларга ажратилган ҳолда сақланган телефон рақамлари

Баъзан SMSлар мазмунини атайин ўзгартириб юборардим. Яъни “мабоооодо вақтингиз бўлса, мени фанимдан ҳам дарс қиларсиз-а?” деган маънода. Бир талаба айтган эди, “Устоз, ростини айтаман, кечаги SMSдаги ўша “мабооооодо” деган сўзингиз тегиб кетди, қаттиқ ўқиб келдим” деб 🙂

teacher-22

SMSларни фақат йигитларга юборардим. Талаба қизларга бунақа SMSлар бормасди. Чунки дўст бор, душман бор. Бунинг устига баъзиларининг турмуш ўртоқлари бор. Нотўғри тушунишлари мумкин. Ўзи бизда талаба қизлар сони жуда кам эди. Асосан йигитлар.

teacher-8          teacher-6

SMSларни юборишни бошлаганимда, дастлаб SMS Ник орқали жўнатганман. Сабаби дабдурустдан бегона номердан SMS келса, тағин унда эртага ўқиб келинг дейилган бўлса, унда ғалати бўлиши мумкин эди. Шу сабабли 3 ойга яқин вақт давомида SMS Ник хизматидан фойдаланганман. “ustozjph” никидан SMSлар борарди. Номерим чиқмасди. Бу ҳам талабаларга ўзига хос сюрприз бўлганди, менимча.

SMS Ник хизмати ёқтирилгани ҳақида маълумот

SMS Ник хизмати ёқтирилгани ҳақида маълумот

SMS хизматидан фақат дарсни огоҳлантиришда эмас, балки турли байрамларда табриклашда, баъзи эълонларни айтишда ҳам фойдаланардим.

Халқаро талабалар кунида йўллаган табригим

Халқаро талабалар кунида йўллаган табригим

Эълонлардан бири

Эълонлардан бири

SMSларимга доим Х.Х. деб имзо чекардим. Бу ўзига хос фишкам эди 🙂 Ва асосийси жойни камроқ оларди )))

SMSлар билан боғлиқ бир қизиқ воқеа бўлган. Бир куни бир талабамнинг онаси телефон қилган. Салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин, “Ўғлимнинг ўқиши яхшими?” деб сўраганлар. “Ҳа, яхши, ўзлаштиришида муаммолар йўқ” деганман. “Ростини айтяпсизми, алдамаяпсизми?” деб қайта-қайта сўраганлар.

Кейин билсам, ўша талаба уйига борганда (Самарқандлик эди) телефонини онасига ташлаб келган экан. Ва ҳар ҳафта икки марта мендан SMS келган. Кейинги дарсда фалон мавзу, ўқиб келишни унутманг деган мазмунда. Дастлаб, тасодифдир деб ўйлабдилар. Аммо иккинчи ҳафтасида ҳам шунақа SMS келгач, ўғлига телефон қилиб роса уришибдилар: “Нега яхши ўқимаяпсан, устозинг ҳар сафар сенга ўқиб кел деб SMS юборяпти” деб.

Бечора талаба онасини ишонтиролмабди. “Устозимиз ўзи шунақа, фақат менга эмас, ҳаммага юборадилар, ўқишим яхши” деса ҳам, онаси ишонмаганлар. “Эртак айтма менга, бунақа ўқитувчилар йўқ-ку” деб.

Ўғли тугул, менинг ўзимга ҳам анча пайт ишонмай турдилар-у )))

Лекин қувонарли томони, охирида дуо қилдилар. “Мунақасини ҳали эшитмагандим, раҳмат сизга” дедилар. Кимдандир чин дилдан дуо эшитиш, ёқимли. Умрлари узоқ бўлсин.

P/S: Мазкур метод фақат 2013/2014 ўқув йили 1-семестридаги 100 нафар талабага қўлланилди. Кейинчалик 2-семестрда яна янги 205 нафар талабага қўлланилмаган.

8-метод. Тест ва SMS

Ҳар 10 та мавзудан кейин тест олардим. Тестни шунчаки олишни хоҳламасдим. Ҳар бир талабанинг тести бўйича чиққан натижасини таҳлил қилишни, қайси мавзуда оқсаётганини, мавзуларнинг қайси жойини ўзлаштира олмаётганини таҳлил қилишни хоҳлардим. Ва энг асосийси ҳар бир талабага тестдан олган натижасини шахсан етказишни хоҳлардим. Бу билан ҳар бирингизга эътибор қиляпман, Сиз ҳам шунга яраша жавоб қайтаринг дейишни хоҳлардим.

Биласизми, тест натижаларини талабаларга қандай етказганман? Тўппа-тўғри, SMS орқали! )) Юборганда ҳам, эринмасдан ҳар бирига индивидуал жавоб ёзганман. Тахминан мана бундай: “Фалончибек, сизнинг тест натижангиз – 20 та тўғри, 10 та нотўғри. Ўзлаштириш фоизингиз 67%”

Ва ҳар бир натижанинг тагига алоҳида гап ёзганман. Агар натижа зўр бўлса, мақтаганман. Янада яхши ўқинг деганман. Ўртачароқ бўлса, сустлашмасликни айтганман. Ёмонроқ бўлса, ўқишини яхшилаши кераклигини, унга ишонишимни, мени бошқа уялтирмаслигини ёзганман.

   teacher-18teacher-17

teacher-16  teacher-13

Албатта 100 кишига битталаб бунақа SMS ёзиш учун кўп вақт кетади. Тағин ҳар бир натижани ҳисоблаб чиққан бўлишингиз ҳам керак.

Ҳа, энди, жон чекмасанг жанона қайда дейишади-ку. Қийин бўлганми йўқми, билмадим-у, лекин менга қизиқ бўлган. Ўзим севган касбим билан шуғулланиб, роҳатланганман.

teacher-14

Ҳа, айтганча, ўзи индивидуал SMS юборишни кейинчалик ҳам бир неча маротаба қўлладим. Айниқса, байрамлар билан табриклаш вақтида. Биласизми, ҳаммага юбориладиган узундан-узун шаблонлардан кўра, исмингиз ёзилган кичик SMS кўпроқ таъсирлироқ бўлади. Мен ҳам матнини бир хил ёзганим билан, лекин исмларни ҳар бир кишига эринмасдан ёзиб чиқишга ҳаракат қилардим. Мана масалан, янги йил табригидан парча:

teacher-12

Янги йил байрами арафасида барча талабаларга юборилган SMSлар

9-метод. Туғилган кунлар

Туғилган кун кўпчилик учун ўзгача байрам. Ўша куни эслаб қўйсангиз, қанчалик хурсанд бўлишади эътибордан.

Юқорида кўрган бўлсангиз, телефонимда талабаларнинг туғилган кунлари ҳам ёзилган эди. Ҳар куни бугун кимнинг туғилган куни экан дея бир назар солиб қўяман. Ва ҳар бир талабани имкон қадар, туғилган куни билан табриклайман. Одатда телефон қиламан. Дарс пайтида бўлса, дарс пайти эълон қиламан. Ёки камида SMS юбораман.

Балким баъзиларни унутган бўлишим эҳтимолдан ҳоли эмас, бунинг учун узр сўрайман.

Туғилган кун билан табриклаш анъанаси ҳозиргача давом этмоқда.

10-метод. Телефонда сўзлашиш мумкин, фақат…

Дарсим давомида, талабаларга телефонда сўзлашишга қатъий тақиқ қўймаганман. Фақат қуйидаги шартлар бажарилиши шарт эди:

1. Телефон овозсиз режимга қўйилиши, аммо вибрация функциясида туриши керак;
2. Ҳақиқатдан зарур қўнғироқ бўлса, рухсат сўраш керак;
3. Ташқарига чиқиб, аудиториядан узоқлашмасдан, паст овозда суҳбатлашиш лозим;
4. Суҳбат давомийлиги имкон қадар 5 дақиқадан ошмаслиги керак.

Баъзан шундай ҳолатлар бўладики, ўқитувчилар талабаларга ҳар қандай қўнғироқ бўлса ҳам, телефонда суҳбатлашишга рухсат беришмайди. Лекин иссиқ жон, ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин. Ота-онаси ўта шошилинч равишда қўнғироқ қилиши мумкин. Агар ҳақиқатдан зарурият бўлмаса, улар ҳам дарс вақтида безовта қилиб ўтиришмади-ку, барибир.

Ёки кўпчилик талабалар ижарада туради, ижара уйи билан боғлиқ шошилинч қўнғироқ бўлиши мумкин.

Ёки энг кўп учрайдиган ҳолат, аксарият талабаларга вилоятлардан такси орқали уйдагилари “почта” юборишади. Унда пул ҳам бўлиши мумкин, озиқ-овқат, кийим-кечак бўлиши мумкин. Ўша таксига жойини, вақтини тушунтириш учун ёки бошқа мақсадларда зарур қўнғироқ бўлаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Бундай вазиятлар кўп. Шу сабабли телефонда гаплашишларига эркинлик берганман. Лекин биласизми, бу шундай эркинлик эди-ки, унинг пойдевори виждон устига қурилганди. Талабаларим ушбу эркинликни суиистеъмол қилишганлари билан боғлиқ деярли биронта ҳолатни эслай олмайман.

ЎҚУВ МАСАЛАСИГА ОИД МЕТОДЛАР

11-метод. Конспектга минимум талаб

Талабалардан тонналаб конспект сўрашни ёмон кўрардим. Чунки вақтида ўзимга ҳам конспект ёзиш ёқмаган. Энг асосий жойларини қисқа қилиб ёзиб, тезис қилиб келинглар дея таъкидлардим. 1-2 бет бўлса етади дердим. Шунда ҳам “конспектинг йўқ экан, жавоб бермайсан”, “дарсдан чиқиб кет”, “кунингни кўрсатаман” деган гаплар умуман бўлмасди.

12-метод. Ҳеч қандай “отработкасиз”

Мен бутунлай “отработка”ларга қарши эдим. Талабалардан “отработка” олганимни деярли эслай олмайман. Узрли ёки узрсиз сабабларга кўра кела олмаган талабаларни кейинги дарсни ўзида савол-жавоб қилиб қўяверардим. Ростини айтганда, талабага 2 та энг асосий саволни бериб, кела олмаган мавзусини қай даражада тушунган ва ўзлаштирганини билиш мумкин.

Нима кераги бор, талабаларни яна алоҳида кафедрага чақириб, уларни беҳудага қийнаб (бу ерда “беҳуда” сўзига эътибор беринг).

Шахсан мен “отработка” ҳақида шундай фикрда эдим. Адашаётган бўлишим мумкин, албатта.

13-метод. Доскага чиқиш деган нарса йўқ

Дарс ўтиш усулларимдан бири, энг кўп фойдаланганим, бу блиц савол жавоблар.

Ростини айтсам, менга доскага бирин-кетин чиқариб, мавзуни гапиртириш методи умуман ёқмасди. Доскага, минбарга чиқармасдим ҳеч кимни. Бир кишини 10 минут гапиртириб қўймасдим ҳеч қачон. Бунақа эски услуб менга умуман ёқмасди, рости. Ҳамма ўтирган жойида жавоб бераверар эди. Бунда блиц саволлардан фойдаланардим. Масалан:

– Акбаржон, суриштирув муддати қанча?
– Нодирбек, нечта тергов органи бор?
– Жамшидхон, жиноят ишини қўзғатиш сабаблари нечта?

Бу усулнинг яхши томони шунда эдики, мен исталган вақтда, исталган талабага мурожаат қилаверар эдим. Шу сабабли, талабалар бутун дарс давомида диққатини савол-жавобларга қаратишга мажбур бўларди. Кимнидир хаёли дарсдан узоқлашаётганини сезсам, дарров ўшанга мурожаат қилардим. Олдинги гапларни такрорлашини сўрардим. Табиийки, бундай усулдан кейин талабалар беихтиёр дарсдаги савол-жавобларни эшитиб туришга ҳаракат қилишарди.

14-метод. Ўқимай келганлар тўрга ўтсин

Шунча уринишларга қарамай, барибир дарсга тайёрланмай келадиган талабалар бор эди. Буни яшириш ёки инкор қилиш керакмас.

Ўқимай келган талабалар учун ҳам ўзимнинг қатъий принципим бор эди. Фикримча, ўқимай келган талаба ҳам, менинг дарсимдан қуруқ қўл билан чиқиб кетмаслиги керак эди. Ўша дарсда у шунчаки жасад бўлиб иштирок этмаслиги, фақат йўқламага кўриниш учун келмаслиги лозим эди.

Шу сабабли мен ўқимай келган талабаларни энг олдинги партага ўтқазардим. Блиц савол-жавоблар вақтида ҳар бир саволнинг жавобини улардан қайта айтишларини сўрардим. Масалан, бошқа бир талаба савол бераман, у жавоб берди дейлик. Кейин худди шу саволни ўқимай келган талабага яна қайта бераман. У курсдоши айтган жавобни такрорлайди. Айтолмаса, яна такрорлаттирамиз, диқатини жамлаймиз.

Шунақа қилиб, дарс охиригача у кўп маълумотни эшитади, гапиради. Ва натижада дарсимдан нимадир (кам бўлса-да) олиб чиқиб кетади.

Ҳа, эсимда, баъзи талабалар олдинги партада ўтирмаслик учун ҳам ўқиб келадиган бўлганди )))

15-метод. Тик туриб жон берган яхши…

Дарс вақтида умуман ўтирмасдим. Талабалар ўтириб дарс ўтганимни эслай олмаса ҳам керак. Доим тик турган ҳолда дарс ўтардим. Аввало, ўтириб дарс ўтиш ноқулай эди, талабага ҳурматсизликдек кўринарди. Иккинчидан, менинг дарс ўтиш услубларимга ўтириш тўғри келмасди. Юқорида айтганимдек, блиц савол-жавоблар қилишим, ҳамма талабани кузатиб туришим учун, тик туриш менга қулайроқ эди.

Мақола жуда узун бўлиб кетгани учун уни икки қисмга ажратишга мажбур бўлдим.

1-қисм тугади.

***

2-қисм анонси:

Сиз мақоланинг давомида ўқитувчилик фаолиятимда шуғулланган қуйидаги методларим ҳақида маълумот олишингиз мумкин:

16-метод. Доска ва маркер – менинг доимий ҳамроҳим

17-метод. Кичик гуруҳларда ишлаш

18-метод. Бир ёқадан бош чиқариш

19-метод. “Лабиринт” – фирменный ўйин

20-метод. “Ҳа/йўқ” ўйини

21-метод. Дарсни ташқарида ўтамиз

22-метод. Келинг, кино кўрамиз

23-метод. Ҳозир сиз терговчисиз

24-метод. Талабаларни ҳақиқий суд мажлисларига олиб бориш

25-метод. Суд мажлисини ким ўтказади? Ўзимиз ўтказамиз…

26-метод. Амалиётчиларни дарсга таклиф қилиш

27-метод. Xushnudbek.uz сайтида талабалар бурчаги

28-метод. Сессиядаги акция: “Ўзинг хоҳлаган баҳони ол”

29-метод. Одобнома дарси

30-метод. No war!

Хулоса ўрнида: Камчиликларим хусусида

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (184)
  • Йўқ (7)
  • Бироз (1)

25 фикр

  1. Методларингизга гап йук! Изланишда давом этинг! Чарчаманг!!!

  2. Men ham bo’lajak pedagogman. Pedagogikaga oid turli adabiyotlarni o’rganib chiqqanman, ammo bu kabi hayotiy fikrlarni hali hech qayerda uchratmagandim. Sizdan nafaqat pedagoglikni, balki sof insoniy fazilatlarni ham o’rgansa bo’lar ekan.Sizga bir savolim bor: endi hayotingiz davomida faqat pedagoglik faoliyati bilan shug’ullanasizmi? Nazariyani amaliyotga tadqiq etish sizni qiziqtirmaydimi? Kelgusi ishlaringizda omad tilayman!

  3. Mening soham texnika bo’lganligi uchun oxirgi uch yildan buyon faqat matematika, fizika, ona tili va adabiyot fanlarini o’rgandim. Hozirda talabaman. Bizlarga turli sohalardan fanlar o’tilmoqda, xususan, tarixdan ham. Bu fanni o’zlashtirishga, ochig’ini aytsam, biroz qiynalyapman. Chunki o’zingiz bilasiz, tarix o’zga olam, aniq fanlar o’zga olam. shunga qaramay, o’tmish voqealarini o’rganishga qiziqaman. Faqat qanday usulda o’rganishni boshlashga ikkilanib turibman. Bu borada pedagog sifatida menga biron maslahat berolasizmi?

  4. Хушнуд ака қойил жудаям зўр дарс ўтаркансиз тўғриси буларни ўқиб жудаям тасирланииб кетдим, ўқишга янада иштиёқим ошди айниқса ” Talabalik armon bo’lgan millionlab insonlardan birimassiz, qadriga yeting” шу сўзлар қаттиқ тегиб кетди тўғриси, чунки мен хам шу миллионлаб инсонлардан бириман, Худо хохласа бизга хам талаба бўлиш насиб этади, Ишларизга омад, кейинги қисмларни кутиб қоламиз, рахмат сизга!

  5. Изланиш яхши. Фикр алмашишга имкон бериш унданда яхши албатта. Аммо ўргатганимдан кўра кўпроқ ўргандим деганингиз 100% тўғри, буни бошимдан ўтказяпман. Омад.

  6. Хушнудбек дўстим ўқишимиз давомида яхши устозлар, яхши тарбия кўрдик! Юридик соҳани янада юксалтириш, янгиликлар яратиш олдимизда турган мақсадимиз, Сизга бу йўлда куч-қувват, омад тилаб қоламан.

  7. Man, shu institut (universitet)da Siz kabi ustozlardan ta’lim-tarbiya olganim uchun taqdirimdan minnatdorman Xushnud aka! Shaxsan man Sizdan ko’p narsa o’rganganman. Haligacha kechagidek esimda: har darsda tarqatiladigan ostiga, adashmasam ”Xushnudbek blogspot…” deb yozilgan varaqalar, “Palonchi(jon/bek/xon) turishiz shart emas, o’tirib javob beravering”, dars oldidan qiziqarli ma’lumotlar va topishmoqlar, BIRINCHI oyligiz va shokolad (adashmasam Alla opadan olgandiz, hazil :).) bilan “yuvganimiz”, oq joyi qolmagan doska (qizil va ko’k markerlar)… 4-kursda esa, avval “Jinoyat va jazo” video, so’ng mustaqil jinoyat protsessiga doir hujjatlarni yozish… Bularni barchasi uchun faqat chin ko’ngildan minnatdorman Sizdan!!!
    P.S.: Ba’zi tarqatgan materiallariz, masalan tergovga tegishlilik jadvaldan hozirgacha foydalanib turishga to’g’ri keladi)).

  8. zo’r

  9. Men informatika fani o’qituvchisiman. Saytingiz juda zo’r chiqibdi. Рон Кларк ning 55 qoidasini tarjimasi ham. Saytingizdagi metodlarni o’qib chiqdim va pedagogikaga erinmasdan, samimiy yondashishingizni sezdim. Men ham shunday o’qitishga qiziqaman. 1- qismdagi metodlarni o’qidim, qiziqarli ekan. 13- metodingiz haqida fikrim bor edi. Sizning shogirdlaringiz kelajakda mas’uliyatli vazifalarda faoliyat ko’rsatadi. Ya’ni ular ko’pchilik oldida o’z fikrini aniq,hayajonlanmasdan bayon eta olishi lozim. Shuning uchun o’quvchilarga qarab turib javob berishning ham o’z foydali taraflari bor deb o’ylayman. Kelajakda Рон Кларк Sizning Qoidalaringizni ingliz tiliga tarjima qilishiga ishonaman. Bu mening samimiy fikrlarim. Rahmat!

  10. Ҳушнудбек, аввало тажрибаларингиз ҳақида ёзганларингиз бир томондан яхши албатта, лекин таълимни, яъний дарс ўтиш методларини ишлаб чиқиш маълум бир келишувлар ва тасдиқланган бўлиши керак, сабаби ҳар қим ўзига тўғри келадиган методлар яратиб, уларни тарғиб этаверса таълимнинг таълимлиги қоладими?

    • Фикрингизни ҳурмат қилган ҳолда, айтишим мумкинки, таълим методларини тасдиқлаб бўлмайди. Қайсики давлатда таълимнинг шаблон методлари тасдиқланар экан, ўша ерда таназзул бўлади. Ўқитувчи робот эмас-ки, белгилаб берилган топшириқни бажарса. Таълим дастурлари, фанлар, мавзулар ва ҳ.к.лар ягона таълим стандартлари билан тасдиқланади, лекин зинҳор дарс ўтиш методлари эмас! Тавсиявий характердаги бирон нарса ишлаб чиқилиши мумкин, аммо мажбурий характердаги қоида ишлаб чиқилиши мумкин эмас. Бу менинг амалиётдан олган шахсий фикрим.

    • To’la ishonch bilan aytishim mumkinki, siz qattiq adashyapsiz. Xushnudbekning o’ziga xos metodikadan foydalangani faqat va faqat tahsinga sazovor.

  11. Bilasizmi menga maqolangiz judayam yoqdi men ham uqituvchilik faoliyatini boshladim iltimos maktabga oid metodlar haqida maqola yozsangiz oldindan raxmat. 2qismini kutib qolaman

  12. Qoyil!!! Demak kelajakda ancha ozgarish va yanada rivojlanish boladi,siz kabi ustozlardan xali ancha dars olamiz.Talim tizimini shu tariqa boshqatdan ishlab chiqsalar yanada yutuqlarimiz kopayar edi,ammo bu ham tez orada bolishiga ishonamiz demak siz kabi ustozlar ham uzlaridek shogirt chiqarishadi.Siz eng asosiy ishga qol uribsiz,bizga kerakli malumotlarni berib yurtimizga qilayotgan xizmatlariz u.n minatdormiz!!

  13. Assalomu alaykum! To`g`risi… bir nima demoqlikka tilim lol!!! Qoyilman! Kelajakda sizni metodlaringizdan foydalanishni niyat qildim 🙂 Nasib etsa, albatta!!!

  14. Maqolaning ikkinchi qismini qachon e’lon qilmoqchisiz?

  15. Жуда зур нафакат укитувчилармас бошка соха вакиллариям амал килса буладиган ажойиб кулланма булибди Рахбар ходимларгаям жуда фойдали

  16. Афсус хозир талаба эмасманда…? Кайтадан талаба булиб , шу услуб буйича дарсга катнашгим келди…Барака топинг Хушнуджон…

  17. Maqolangiz judayam qiziqarli! Asosiysi ko`p tomonlama o`rganib xulosa chiqarishga ko`mak beradi!!!

  18. Ҳурматли Устоз!!! Мен сизга кўп гапларни айтгим (юқоридаги “Босиқлик” номи остида ёзилган фикр, қилинган танқидга нисбатан аммо жавобини ўзиз ҳаммага тушунарли қилиб ёзган экансиз), кўп саволларни сўрагим келди. Очиғи сизни фаолиятингизга фақатгина ҳавас қилиш ва ўрганиш керак!!! Мен сиздақа Устозларни Ўзбекистон ёшларига жуда муҳим деб биламан. Чунки Устознинг роли шахс камолида жуда катта аҳамиятга эга, менимча. Шундай эзгу ишни бошлаган экансиз Биз Ёшлар сиздан кўп мана шундай ўгитларни(Бу мақолангизни мен ўзим учун ўгит деб биламан) кутиб қоламиз. Рахмат!

  19. Xushnudbek, ajoyib tajriba bilan sizni tabriklayman, juda orginal ishlarni amalga oshirgan ekansiz. Ularning ba’zi birlarini o’zlashtirib olmoqchiman, menimcha juda foydali, ayniqsa talabalarning ism sharifini oldindan yodlab olish. SMSli metodingiz ham yaxshi ekan, lekin men bunday qila olmasam kerak, chunki birdaniga har kuni 200-300 talaba SMS yozish juda qiyin :). Ijodiy faoliyatingizga omadlar tilayman.

  20. Телефонда гурухларда смс таркатиш методини укитувчи хамкасбларимда куллаб курганман. Ажойиб натижа берган. Ишларингизга омад!

  21. o’qituvchilik kasbimga bo’lgan qiziqishim o’tmaslashib borayotgan ekan, bu maqolani o’qib ertangi darsimga boshqacha tayyorlanishga ahd qildim

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига