Янги ҳужжатлар

Ўқитувчилик фаолиятим ҳақида (2-қисм)

Куни кеча юртимизда ўқитувчи ва мураббийлар куни байрам сифатида кенг нишонланди. Шу фурсатдан фойдаланиб, барча устозларимни байрамлари билан табриклайман!

Ўтган йили байрам арафасида сайтимда “Ўқитувчилик фаолиятим ҳақида (1-қисм)” номли мақола чоп этган эдим. Ушбу мақолада Тошкент давлат юридик университетида олиб борган ўқитувчилик фаолиятим ҳақида сўз юритилган бўлиб, унда асосан дарс вақтида қўллаган методларим хусусида тўхталгандим.

Мазкур мақола борасида кўпчиликдан ижобий фикрлар эшитдим. Ва ўша кўпчиликнинг асосий саволи, иккинчи қисмини қачон ёзишим ҳақида бўлди. Ростини айтсам иккинчи қисмини ўтган йилнинг ўзидаёқ ёзиш ва чоп этишни режа қилган эдим, аммо дангасаликми ёки эътиборсизликми, хуллас, ҳеч қўлим тегмади. Майли, уёғини қўяверинг, сал шунақа дангасалик одатим бор.

Байрам баҳона ўша мақолани давом эттиришга қарор қилдим. Демак, бошладик.

 

16-метод. Доска ва маркер – менинг доимий ҳамроҳим

Дарсда доим маркердан фойдаланардим. Сабаби психологиядан маълумки, инсонда маълумотларни хотирага сақлашнинг бир қанча усуллари мавжуд. Эшитиш, кўриш, гапириш, ёзиш ва ҳ.к. Шу сабабли, дарс вақтида имкони борича барча ташқи воситалар орқали маълумотлар етказишга ҳаракат қилардим. Шу сабабли маркер менга яхши ёрдамчи эди. Баъзан маркерсиз дарсга кириб қолсам, бир нима камдек туюлаверарди.

Бунинг устига фикрни қисқа ва лўнда, конструктив етказишда ҳам доска ва маркернинг ўрни катта.

Ушбу методда менга халақит берадиган битта минус томони бор эди, бу – хунук ҳуснихатим! 🙂

17-метод. Кичик гуруҳларда ишлаш

Доим кичик гуруҳларда ишлашга ҳаракат қилардим. Шу сабабли илк дарсдаёқ гуруҳни 5 кишилик кичик гуруҳларга бўлиб олардим.

Кичик гуруҳлар ишлаш учун жуда осон. Аввало турли хил топшириқлар беришга қулай. Иккинчидан бошқариш бирмунча енгил. Учинчидан кичик гуруҳларда ўзлаштириши бироз сустроқ бўлган талабалар билан ишлаш осонроқ бўлади. Гуруҳдаги бошқа талабаларга интилиб ёки улардан нимадир ўрганиб, ўз билимини ошириб бораверади.

Бундан ташқари энг муҳими, гуруҳлар ўртасида турли илмга асосланган мусобақалар орқали ўзаро рақобатни юзага келтириб, уларни янада ўқишга қизиқтириш мумкин.

Кичик гуруҳлар рўйхатини талабаларга тарқатардим

Кичик гуруҳлар рўйхатини талабаларга тарқатардим

Талабалар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда ўтиришибди

Талабалар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда ўтиришибди

Талабалар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда ўтиришибди

Талабалар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда ўтиришибди

18-метод. Бир ёқадан бош чиқар

Гуруҳларга бўлгандан сўнг, дарс вақтида гуруҳ бўлиб ишлайдиган турли масалалар, жумбоқлар, ўйинлар олиб келишга ҳаракат қилардим. Ўша кунги мавзу доирасида албатта.

Асосан тарқатма материаллардан иборат бўлган мазкур жумбоқларни ечиш давомида гуруҳлар бирлашиб ишларди.

Биласизми, менга нима учун керак эди бу?

Талабаларни бир-бирини ўқитишини истардим. Кичик гуруҳдаги яхши ўқиган бола, жумбоқни ечиш давомида баҳсли вазиятда шеригига мавзуни тушунтириб берарди. Худди икки ўртоқ ўзаро гаплашгандек.

Бунинг эффекти ўқитувчининг тилидан эшитгандан юқори бўларди анча.

Агар кимдир нотўғри ўқиган ёки тушунган бўлса, унда жумбоқнинг жавоби чиқмасди. Тўғри жавобни билгач, ўзининг нотўғри тушунганини ҳам англаб етарди.

Талабалар жумбоқли топшириққа кичик гуруҳларда ечим топишмоқда

Талабалар жумбоқли топшириққа кичик гуруҳларда ечим топишмоқда

Талабалар жумбоқли топшириққа кичик гуруҳларда ечим топишмоқда

Талабалар жумбоқли топшириққа кичик гуруҳларда ечим топишмоқда

Талабалар жумбоқли топшириққа кичик гуруҳларда ечим топишмоқда

Талабалар жумбоқли топшириққа кичик гуруҳларда ечим топишмоқда

19-метод. «Уйғооон, бақалоқ» (с)

Метод номига кўп ҳам эътибор берманг. Бу шунчаки кинодан цитата холос.

Дарсга киришни бошлаганимнинг илк кунларида, талабаларни дарсга қизиқтириш, улардаги эътиборни кучайтириш ҳамда асосийси диққатни жамлаш мақсадида дарснинг бошида кичик тест ўтказардим. Тест саволлари ўтган мавзу бўйича бўларди ва 3 тагина саволни ўз ичига оларди. Саволлар ҳам унақа мураккаб эмас, оддий-оддий. Бундан ташқари тестни фақат бир нафар талаба ишларди. Яъни тестларни PowerPoint дастурида слайд кўринишида тайёрлардим, катта экранга ўша тестни чиқарардим ҳамда ўтган дарсда мавзуни бироз сустроқ ўзлаштирган талабадан тестларни ишлашни сўрардим. Албатта, қолганларга жим туришни ва ёрдам бермасликни тайинлардим.

Тестнинг ўзи қизиқмасди. Лекин талаба жавобни танлагандаги ҳолат қизиқ эди. Ҳар бир жавобни танлаганда унга ўзига хос изоҳ чиқарди. Тўғри топса ҳам, нотўғри топса ҳам. Ва ҳар сафар изоҳлар турлича бўларди. Изоҳларга бироз юмор аралашгани учун, талабаларнинг кайфияти кўтариларди, енгил кулгуга сабаб бўларди.

Дарснинг бошидаги тахминан 5 дақиқалик бундай машқ олдинда турган 75 дақиқанинг муваффақиятли ўтишини кафолатларди. Ҳамма уйғонган, ҳамманинг кайфияти яхши (ҳатто ўша талабанинг ҳам) ва ҳамма дарсга шай! Ана, шунақа.

Марҳамат, Сиз ҳам ўша тестлардан бирини ечиб кўрингчи, жуда осон 🙂

Тестни бошлаш учун қуйидаги слайднинг устига босинг!

Изоҳ: Слайд бехато ишлаши учун фақат жавоб вариантларининг устига босинг.

Шундай тест саволларини тайёрлаш ниятида бўлган ўқитувчилар қуйидаги манзилдан слайдни кўчириб олишлари ҳам мумкин.

20-метод. “Лабиринт” – фирменный ўйин

Мени яқиндан биладиганлар яхши билишади, мен танловлар, мусобақалар ўтказишга жуда қизиқаман. Ҳар қандай соғлом муҳитда ўтказилган танловдан фойда катта деб ҳисоблайман. Сабаби инсон табиатан етакчиликка интилади, биринчи бўлишни хоҳлайди. Инсоннинг “ички мени” аслида кўп нарсага қодир, фақат уни уйғота олиш керак. Мен ҳам талабаларда мана шунақа етакчиликка бўлган ички туйғусини уйғотишга ҳаракат қилардим. Бир-биридан яхшилигини кўрсатишга интилиш уларда ўз кучига бўлган ишончни пайдо қиларди. Ўқисам янада яхши натижага эриша оламан деган туйғуни шакллантириш эди асосий мақсадим.

Мана шу мақсадларни мужассамлаштирган ҳолда талабаларим ўртасида қандайдир ўйин ўтказишни ўйлаб юрардим. Бу шундай ўйин бўлиши керак эди-ки, ҳам қизиқ, ҳам фойдали бўлиши лозим эди.

Ўйлай, ўйлай, охири “Лабиринт” деган ўйинни ўйлаб топдим. Аслида бундай ўйиннинг аналоглари кўп. Аниқроқ айтганда ушбу ўйин бир нечта интеллектуал ўйинларнинг қоришмаси, микс варианти эди.

Хуллас, ўйиннинг қисқа мазмуни қуйидагича:

– Талабалар 5 та кичик жамоаларга бўлинишади (бу ҳақида юқорида гапирдим);

– Ҳар бир гуруҳга ўйин ўтказиладиган куни ноутбук келиш зарурлиги таъкидланади. Ҳозир кўпчилик талабаларда шахсий ноутбук бор, шу сабабли бу муаммо туғдирмайди;

– Ҳар бир гуруҳнинг ноутбугига олдиндан тайёрланган махсус “Лабиринт” номли папка ташлаб берилади;

– Ўйин 5 та шартдан иборат бўлиб, барчаси ўтилган мавзулар бўйича тузиб чиқилган турли саволлардан, жумбоқлардан иборат бўлади. Ҳар бир шарт Microsoft Word дастуридаги файлга ёзилган бўлади;

– Ўйиннинг энг қизиқ жойи шундаки, шартлар ёзилган файлларга пароллар қўйилган бўлади. Талабалар битта шартни ечиб бўлмасдан туриб, иккинчи шартни оча олишмайди;

teacher-16 (2)

– Файлни очаман десангиз, Сиздан пароль сўрайди. Парол эса, аввалги шартнинг топшириғида яширинган бўлади. Шундай қилиб, талабалар бирма-бир ҳар бир шартни бажариб, охирги шартгача боришади;

– Қайси гуруҳ биринчи бўлиб барча файлларни очишса ҳамда 5-шартдаги энг сўнгги топшириқни бажаришса, ўша гуруҳ ўйин ғолиби бўлади;

– Мазкур ўйин ўтилган мавзуларни такрорлаш мазмунида бўлиб, ҳар 5 та дарсдан кейин ўтказилади ва саволлар, топшириқларнинг барчаси ўтилган мавзулар бўйича бўлади.

“Лабиринт” ўйинидаги топшириқлардан намуналар

1-шарт

1-шарт

2-шарт

2-шарт

3-шарт

3-шарт

4-шарт

4-шарт

5-шарт

5-шарт

Талабалар “Лабиринт” ўйинидаги топшириқларни бажаришмоқда

teacher-12

teacher-14

teacher-10

teacher-15

“Лабиринт” ўйинида Сиз ҳам бевосита иштирок этиб кўрмоқчи бўлсангиз, қуйидаги файлни кўчириб олишингиз мумкин.

21-метод. “Ҳа/йўқ” ўйини

Бу ўйин аслида «Лабиринт» ўйини доирасидаги шартлардан бири. Ушбу ўйиннинг асл мақсади талабаларда фанга доир билимларини ўзига хос тарзда синовдан ўказиш, фандаги турли нозик қоидаларни яхшилаб ёдда сақлаб қолишга кўмаклашишдан иборат. Ўйин 10 та саволдан иборат бўлади ва саволларга “Ҳа” ёки “Йўқ” дея жавоб беришлари керак. Ўйин Power Point дастурида ишлаб чиқилган бўлиб, слайд кўринишида тайёрланган.

Ўйиннинг асосий мантиғи шундаки, талабалар барча саволларга тўғри жавоб бера олишса, уларга пароль очилади. Ўша паролни эса юқорида айтганимдек, кейинги шартга киритишади. Аммо мабодо 10 та саволдан биттагина саволга бўлса ҳам нотўғри жавоб беришса, унда ўйинни қайтадан бошлашади. Ва энг қизиғи айнан қайси саволда хато қилишганини билиб бўлмайди.

Айтишим жоизки, мазкур ўйин талабаларнинг энг севимли шарти эди. 5 кишидан иборат гуруҳ бўлиб ишлашаётганда шунақа қизиқ музокаралар, муҳокамалар бўларди-ки, асти қўяверасиз. Энг қийин ва энг қизиқ шартлардан бири эди.

Кейинчалик ушбу ўйинни янада такомиллаштириб, “Ҳа/Йўқ” жавобларидан бошқача кўринишдаги саволларни ҳам тайёрладим.

Шунга ўхшаш биттагина ўйин билан 10 та қоидани ёдлатиш мумкин. Менга шуниси кўпроқ керак эди.

Сиз ҳам “Ҳа/йўқ” ўйинини ўйнаб кўрмоқчи бўлсангиз, марҳамат, улардан 2 та намунани келтирдим.

“Ҳа/йўқ” ўйинини бошлаш учун қуйидаги слайднинг устига босинг!

Изоҳ: Слайд бехато ишлаши учун фақат жавоб вариантларининг устига босинг.

1-намуна

2-намуна

22-метод. Дарсни ташқарида ўтамиз

Дарс машғулотларини шаблонлардан ҳоли тарзда ўтиш жону дилим эди. Буни аввалги мақоламда ҳам айтгандим. Талабалар кўринмас девор тўсиғидан қутилишлари, ўзларини эркин тутишлари керак. Шунда информацион ахборот уларнинг мияларига тўғридан-тўғри кириб боради.

Мен “Жиноят-процессуал ҳуқуқи” фанидан дарс ўтардим. Бу фан процессуал ҳаракатлар, амалиёт билан чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли дарснинг кўп қисмини фақат назарияга эмас, амалиётга ҳам бағишлардим. Шундай усуллардан айрим мавзуларга оид дарс машғулотларини ташқарида, университетнинг орқа ҳовлисида ўтиш эди. Масалан, жиноят содир бўлганда ҳодиса жойини кўздан кечириш, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш каби тергов ҳаракати билан боғлиқ мавзуда гуруҳларга вазифа тақсимлаб берар эдим, улар ўзлари битта ҳодиса ўйлаб топиб, ўша сценарий бўйича тергов ҳаракатини ўтказиб беришарди. Яъни тергов ҳаракати қандай ўтказилади, тартиби, шартлари, унда нималарга эътибор қилиш кераклигини кўрсатиб беришарди.

Сиз қуйида кўриб турган суратларда талабалар “Ҳодиса жойини кўздан кечириш” тергов ҳаракатини ўтказишмоқда. Ҳолатга кўра, “Ласетти” автомашинасининг орқа юкхонасидан катта миқдорда пул ўғирланганлиги ҳақида ариза келиб тушган. Ўша жиноят иши бўйича талабалар тергов ҳаракатларини ўтказиб кўришмоқда.

23-метод. “Ҳозир Сиз терговчисиз”

Тергов ҳаракатлари мавзусига келганда талабалар “Ҳозир Сиз терговчисиз” деган жумлани менинг оғзимдан кўп эшитишарди. Сабаби деярли ҳар бир тергов ҳаракатини семинар давомида такрорлаб кўрардик. Масалан, сўроқ қилиш, кўздан кечириш, юзлаштириш, таниб олиш учун кўрсатиш, тинтув илиш ва олиб қўйиш, эксперимент ўтказиш ва ҳ.к.

Талабаларни муайян бирини танлаб олардим, битта вазиятни айтардим ҳамда талабага “Тасаввур қилинг, ҳозир Сиз терговчисиз, мана шу жиноятчини сўроқ қилишингиз керак” деб вазифа берардим. Бу жараённи дарснинг иккинчи ярмида, яъни талабалар билан шу мавзуга оид савол-жавоблар қилиб бўлганимдан кейин ўтказардим. Аввал савол-жавоб қилиб, кейин бундай амалий жараённи ўтказишимдан асосий мақсад, ўша мавзуга яхши тайёрланиб келмаган талабани терговчи қилиб тайинлаш бўларди.

Савол-жавобларда ким қандай ўқиб келгани дарров билинади ўзи. Сустроқ ўзлаштирган талабани терговчи қилиб тайинлаш нима учун кераклигини эса тушунгандирсиз. Амалий тергов ҳаракатини ўтказиш мобайнида ниманидир ўрганади, кези келса, бир умр ёдида қолиб кетади. Майли, хато қилсин. Майли, кўнгилдагидек ўтказа олмасин. Курсдошлари унинг хатоларини тўғрилаб бораверишади. Асосийси табиб табибмас, бошидан ўтган табиб деганларидек, ўша талаба ўзини терговчидек ҳис қилади, бир муддат амалиётга тушиб қолгандек бўлади. Бу ҳам фойдадан ҳоли эмас.

24-метод. Амалиётчиларни дарсга таклиф қилиш

Юридик университетида модул тизими жорий қилингач, амалиёт ходимлари билан олдингидан ҳам яхшироқ алоқалар ўрнатилганини таъкидлаш жоиз. Маъруза ва семинар машғулотларига амалиётда бир неча йиллардан буён фаолият юритаётган тажрибали мутахассислар жалб қилина бошланди. Шу жумладан, менинг бир нечта дарс машғулотимда ҳам прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда суд тизимидан мутахассислар иштирок этишган. Уларнинг бой амалий тажрибаси талабалар учун кони хазина! Улар билан бўлган дарс машғулотларида, савол-жавобларда кўп нарса ўрганса бўлади.

teacher-16

teacher-17

Мақолани қисқароқ қилиш мақсадида шу жойида тўхтатаман. Тез орада 3-қисмни ҳам эълон қиламан. Ваъда бераман, бу сафар 1 йилга чўзилмайди ))

2-қисм тугади.

***

3-қисм анонси:

25-метод. Талабаларни ҳақиқий суд мажлисларига олиб бориш

26-метод. Суд мажлисини ким ўтказади? Ўзимиз ўтказамиз…

27-метод. Сессиядаги акция: “Ўзинг хоҳлаган баҳони ол”

28-метод. Келинг, кино кўрамиз

29-метод. Одобнома дарси

30-метод. Ланди, ланди, ўйин бошланди

31-метод. Мантиқий фикрлашга ўрганинг

32-метод. Xushnudbek.uz сайтида талабалар бўлими

Хулоса ўрнида

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (114)
  • Йўқ (7)
  • Бироз (2)

8 фикр

  1. Хушнудбек сиздай зукко, аклли инсонлар купайсин….Сиз келажакда буюк инсон булишингизга хеч шубха йук…..! Шу шижоатни сундирманг хеч качон….Узбекистон сиздай фарзандлари билан хеч качон кам булмайди….

  2. Assalom aleykum Xushnud aka. Mazkur maqolani o’qib, o’tgan darslarimiz esimga tushib ketdi. Yana bir bor o’sha darslarga qaytgandek bo’ldim. Hammasi ajoyib, qoyil!!! Sizga hammasi uchun raxmat!!! Yuqorida bildirilgan fikrga ham qo’shilaman. Salomat bo’ling. Sayfullayev.L

    • Раҳмат, Лутфулло ака. Мен ҳам Сизларни кўп қумсайман. Унутилмас даврлар эди.

  3. Хушнудбек,жисми жисмига монанд йигит экансиз.ишларингизни вакт топганимда кузатиб бораман.Жуда изланувчан,ижодкор,оптимист,акли теран, калби кенг инсон эканлигиз экран оркали хам сезилиб турибди.шунадй креатив,илгор гоя-фикрларизни барчамиз бн уртоклашиб ХУШНУД килиб юришингизни илтимос килиб коламиз.

  4. Ҳурматли Устоз! Шуни билишингизни хоҳлардимки, Сизни мақолангизни фақат гуманитар фанлар соҳасида ишлайдиган ходимлар эмас балки бошқа касб эгалари (жумладан бир тумандаги 200дан ортиқ педагогика соҳасига қизиқадиган ёшлар) кузатиб боряпти гарчи “юриспенсия”ни унчалик тушунмасамда Кейинги мақолангизни ҳам кутиб қоламан! Бир китобда ўқигандим. “Одамлар икки тофага бўлинади:1-Ўзидан Энергия чиқарадиган (халқимизда фариштали, истараси иссиқ деган синонимлар ишлатилади бундайларга нисбатан) ва 2-Ўзига энергия ютадиган (Фикримни яхши етказолмаяпман, хуллас, бу типдаги одамлар билан гаплашилганда инсон чарчайди, руҳи тушиб кетади) одамлар”. Биз сизни мақолангиз маълумотларингиздан энергия оламиз. Доим шунақа “Фариштали” бўлиб юринг. Ҳурмат билан ўқувчингиз.

  5. Tezroq uchinchi qismi chiqsin:)))))

  6. Ишларингиза омад ва муваффакиятлар тилаб…..! Андижондан Улугбек Содиков

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига