Янги ҳужжатлар

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди

2016 йил 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Ҳужжатнинг расмий матни ЎзАда эълон қилинган.

Фармонда таъкидланишича, ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш мақсадида мазкур ислоҳот амалга оширилган.

Бунга кўра, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти негизида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди.

Университет таркибида 3 та факультет: ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари, шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.

Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи Университет таркибига ўтказилиб, унинг негизида Ўзбек тили ва адабиёти музейи ташкил этилади.

Университет ўзбек тили ва адабиёти бўйича филолог мутахассислар, илмий-педагог кадрлар, юқори малакали таржимонлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айни шу йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Университетни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг тугатилаётган ўзбек филологияси, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг раҳбар ва илмий ходимлари, профессор-ўқитувчиларини белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилади.

Университетда ўқув жараёни 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб ташкил этилади.

Шунингдек, Фармонда университетнинг бош биноси олдидаги майдонда улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш вазифаси ҳам белгилаб қўйилди.

Университетнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун мамлакатимиз ҳудудига олиб кириладиган компьютер техникаси, махсус асбоб-ускуна ва инвентарлар, истисно тариқасида, 2020 йилнинг 1 январигача божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод қилинди.

Университетнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • ўзбек тили ва адабиётини, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асосларини, замонавий таълим технологияларини чуқур ўзлаштирган, давр талабларига жавоб берадиган юксак малакали илмий ва педагог кадрлар тайёрлаш;
  • илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан инглиз ва бошқа хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон тилларидан она тилимизга юксак сифат ва маҳорат билан таржима қиладиган таржимонлар тайёрлаш;
  • талаба ёшларни, ўзбек тили ва адабиётининг бой имкониятларидан фойдаланган ҳолда, Ватанга муҳаббат ва садоқат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида, кенг дунёқарашга эга бўлган ва мустақил фикрлайдиган, маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш;
  • ўзбек тили ва адабиёти, фольклорининг тарихан шаклланган адабий, лингвистик мактаблари ва таълимотларини, мумтоз ва замонавий методларини, буюк аждодларимизнинг ўзбек ва жаҳон тилшунослиги ривожига қўшган ҳиссаси, уларнинг илмий мероси, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари, ўзбек тили ва адабиётининг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ илмий муаммоларни тадқиқ этиш;
  • ўзбек тилининг асл табиати ва хусусиятларини тўла акс эттирадиган мукаммал академик ва ўқув грамматикаларини яратиш, унинг товушлар тизими ва уларнинг ёзувда акс этиши, жорий имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаш, турли мавзу ва йўналишлар бўйича луғат ва қомуслар, рисола ва дарсликлар яратиш;
  • умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг янги ва самарали методлари бўйича илмий изланишлар олиб бориш, илғор педагогик технологияларни кенг жорий этиш;
  • она тилимизнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, унинг компьютер услубини, ўзбек тили ва дунёдаги етакчи хорижий тиллар асосида таржима дастурлари ва луғатлар, электрон дарсликлар яратиш билан боғлиқ илмий-методик ишланмалар, амалий тавсиялар тайёрлаш ва бу борада эришилган натижаларни амалиётга кенг татбиқ этиш.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (139)
  • Йўқ (13)
  • Бироз (8)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига