Yangi hujjatlar

Ўзбекистонда илк марта ЎзБлоггерлар чемпионати ташкил қилинмоқда

Юртимизда кундан-кунга замонавий ахборот-технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётганлиги сир эмас. Айниқса, интернет тармоғи кундалик ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаб бўлди.

Бир қанча ижтимоий тармоқларда анчадан буён ўзбек блоггерларини бирлаштирувчи чемпионат ўтказиш лойиҳаси муҳокама қилиниб келаётганди. Кўпчиликда таклиф бор, аммо амалга ошириш учун аниқ ҳаракатлар йўқ эди. Мисол учун айтишим мумкинки, 2013 йил 11 январь куни ЎзБлоггерлар чемпионатини ўтказиш таклифини бергандим. Ўшанда ҳам анча муҳокама қилдик. Муҳокама янада осон бўлиш учун Facebook ижтимоий тармоғида UzBloggerlar номли гуруҳ ташкил қилдим. Маълумот учун айтишим мумкинки, ҳозирда гуруҳнинг 340 нафар иштирокчиси бор.
Муҳокамани ўша ерда давом эттирдик. Темур Аъзам ҳам танлов учун фикр сўради, лекин айтилган гапларнинг ҳаммаси мониторда қолиб кетди. Ўшанда ҳам майли дедик, танлов ўтказилмаса ҳам, ҳеч бўлмаса Facebookда гуруҳ очилганидан хурсанд бўлдик.

Йил ўртасига келиб, ўзбек блоггерларини бирлаштириш таклифи ижтимоий тармоқларда яна кун тартибига қўйилди. Бу сафар озгина олға силжиш бўлди. Дастлаб Муҳрим Аъзамхўжаев аввалроқ тузиб чиққан блоггерлар рўйхатини кенгайтирди. Мазкур рўйхатдан илҳомланиб, Шермуҳаммад Абдуғофуров ўз блогида мазкур рўйхатни анча кенгайтирди. Кейинроқ, яъни август ойида барча ғояларни бирлаштириб, http://uzbloggerlar.blogspot.com лойиҳасини ишга туширдим. Бугунги кунда мазкур лойиҳа ўзбек тилидаги 88 та блогни ўзида мужассам этган. Хулласи калом, йил ўртасидаги муҳокамалар ҳам шундайлигича қолиб кетди.

Ниҳоят йил якунланишига саноқли кунлар қолганда, ЎзБлоггерлар танлови ҳақидаги фикр яна қайта бошланди. Twitter ижтимоий тармоғида чемпионат ўтказиш таклифини яна бир бор ўртага ташладим. Бу сафар жиддийроқ кетди. Facebookдаги гуруҳда қўллаб-қувватланди.

Муҳокама қилинавериб анча тажриба ошиб қолмаганми, бу сафар шартта бошлаш кераклигини билиб олгандим. Дарров қатнашувчилар рўйхатини эълон қилдим. Таҳминий қоидалар ишлаб чиқилди. Хуллас, мана Худога шукур, бир амаллаб бошлаб олдик танловни.

Энди танлов ҳақида қисқача:

Танловда барча иштирок этиши мумкин. Блоги борлар ҳам, блоги йўқлар ҳам. Танловдан асосий мақсад ўзбек тилидаги фикрларни, мулоҳазаларни кўпайтириш. Блоглар кўп бўлса-ю, фикр бўлмаса, у ҳам бизга керак эмас. Шунинг учун барчани эркин иштирок этишини таъминлашга қарор қилдик.

Иштирок этиш учун нима қилиш керак?
Қатнашиш шартлари жуда оддий: блогпост ёзасиз ва унинг манзилини ташкилотчиларга хабар қиласиз. Блоги йўқлар эса менга электрон почта орқали ёзган мақоласини юборади, танловга қабул қиламиз.

Танлов бир нечта босқичдан иборат бўлади. Ҳар бир босқичда маълум бир мавзу белгилаб оламиз. Биринчи босқич мавзуси эса – эркин мавзу. Блоггерлар исталган мавзуда блогпост ёзишлари мумкин.

Танловга юборилган барча блогпостлар кейинчалик овозга қўйилади ва энг кам овоз олган иштирокчи лойиҳани тарк этади. Хуллас, шунақа тартибда кетаверамиз.

Ғолиблар тақдирланадими?
Биз танловни муҳокама қилаётган вақтимизда бир нечта саҳоватпеша инсонлар ушбу лойиҳага ҳомийлик қилиш истаги борлигини билдиришди. Ҳомийларнинг кўмаги билан ҳозирча умумий соврин жамғармаси – 800 минг сўмдан ошиб кетди.

Демак, азиз дўстлар, Сиз ҳам ушбу танловда иштирок этинг! Сиз ёзинг, биз ўқишга кафолат берамиз. Биринчи босқич 13 январга қадар давом этади. Ушбу муддат ичида исталган мазуда бирон нарса қораланг. Биз мазза қилиб ўқийлик ва уни баҳолайлик.

Ўткир Ҳошимовнинг ажойиб гапи бор: “Сен менга бир сўм бер, мен сенга бир сўм бераман. Иккаламизда ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Сен менга бир фикр айт, мен сенга бошқа фикр айтаман. Иккаламизда ҳам иккитадан фикр бўлади”.

Шундай экан, ўзгалар билан фикр алмашиш имкониятидан четда қолиб кетманг!

Танловнинг батафсил қоидалари билан Facebookдаги “UzBloggerlar” гуруҳидан ёки расмий блогдан танишишингиз мумкин.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (3)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

2 фикр

  1. Афсус бу хакда эртарок хабар топганимда балки мен хам нимадир коралаб танловда иштирок этган булармидим.Майли хеч киси йук.Худо хохласа кейинги сафар албатта иштирок этаман.

  2. Блоглар ёзишга унчалик хам кобилиятим йук булса хам яхши фикрлар билдиришга харакат киламан.

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига