Янги ҳужжатлар

«Ўзкоммунхизмат» агентлигига хат

Ушбу мақола “Тилга эътибор – элга эътибор” лойиҳаси доирасида чоп этилган. Лойиҳа ҳақида батафсил қуйидаги манзилда ўқинг.

 
Куни кеча Xushnudbek.uz сайти орқали «Тилга эътибор – элга эътибор» номли кичик лойиҳа ҳақида эълон қилган эдим. Ушбу лойиҳа доирасида давлат органларининг расмий сайтларида давлат тилида иш юритиш даражасини таҳлил қилишга уриниб кўрдим. Таҳлил ўз ичига 91 та сайтни қамраб олди. Бу ҳақида батафсил ва тўлиқроқ мақолани тез орада эълон қиламан.

Таҳлил давомида ажойиб иккита ҳолатга дуч келдим. Яъни Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда «Ўзкоммунхизмат» агентлигининг расмий сайтларининг домени номида имловий хатолик мавжуд экан. Сайт контентидаги имловий хатоларга балки кўз юмиш мумкиндир, аммо домен номида хато бўлиши бу ўта жиддий масала. Шуни инобатга олиб, иккала давлат органига ҳам тегишли тартибда таклиф билан мурожаат қилдим. Ушбу юборилган хат матни билан қуйида танишишингиз мумкин. (Архитектура ва қурилиш қўмитасига хат)

Давлат органидан жавоб олсам, бу ҳақида Сизларни хабардор қиламан.

Ушбу хат My.gov.uz – Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 25 октябрь куни юборилган.

ariza

Ўзбекистон Республикаси
«Ўзкоммунхизмат» агентлиги
Бош директори
У.А.ХАЛМУХАМЕДОВга

Ҳурматли Уткур Ачилович!

Аввало Сиз ва Сиз раҳбарлик қилаётган агентлик ходимларига юртимиз аҳолисига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида олиб бораётган заҳматли меҳнатларингиз учун ташаккур изҳор қилмоқчиман.

Шу ўринда, агентликнинг келгусидаги фаолиятига улкан зафарлар тилаган ҳолда, Сизга кичкина бир таклиф билан мурожаат қилишни ният қилдим.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №355-сонли қарори асосида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талаблар тасдиқланган. Унда расмий веб-сайтдаги ахборотлар давлат тилида тақдим этилиши кераклиги белгиланган.

Қолаверса, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 7-моддасида давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилиши белгилаб қўйилган.

Сиз раҳбарлик қилаётган Агентликнинг расмий веб-сайти манзили www.uzkommunhizmat.uz доменида жойлашган бўлиб, эътибор берсак, домен номида имловий хатолик мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Чунки ўзбек тилининг имло қоидаларига кўра «xizmat» ёзилиши керак, «hizmat» эмас.

«UZ» домени маъмуриятининг расмий веб-сайти (www.cctld.uz) берган маълумотга кўра, бугунги кунда www.uzkommunxizmat.uz домен номи банд қилинмаган (сайтнинг бу ҳақидаги маълумотидан скриншот илова қилинади).
Шу сабабли, Агентликни жамият ва фуқаролар билан боғлаб турувчи асосий кўприк ҳисобланган расмий веб-сайт манзилини ўзбек тилининг имло қоидаларига асосланган ҳолда www.uzkommunxizmat.uz манзилига ўзгартиришингизни таклиф қиламан. Бундай жиддий ва қўпол имловий хатолик Агентлик имиджига ҳамда обрўсига путур етказиши мумкин.

Сизга чексиз ҳурмат билан,

фуқаро Худайбердиев Хушнуд Ғайратович.

Хатга илова:

uzkommunxizmat

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (18)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Битта фикр

  1. http://e-kommunal.uz/ saytini o’zbekcha versiyasi yo’q, bir yildan beri yaratilish jarayonida turipti,

    keyin elektron xizmatlarga komunal xizmatlardan qarzi yo’qligi haqida ma’lumotnoma berish xizmatini ham qo’shish kerak, chunki elektron tarzda komul xizmatlarga to’lov qilganda kvitansiya olishni imkoni yo’q, ma’lumki ko’pgina davlat idoralarida svet va gazdan qarzi yo’qligi haqida hujjat topshirilmasa oylikni berishga muamo qilishadi !!!

    Agar bu xizmat qo’shilsa hammasini elektron tarzda to’lab, elektron tarzda topshiraveraldik,

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига