Yangi hujjatlar

Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида қонун қабул қилинди

2016 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди. Қонуннинг расмий матни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида эълон қилинди.

"Халқ сўзи" газетасининг 15.09.2016 йилдаги №182-сони

“Халқ сўзи” газетасининг 15.09.2016 йилдаги №182-сони

Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 12 августда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2016 йил 24 августда маъқулланган эди.

Ушбу қонуннинг мақсади ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун 33 моддадан иборат.

Қонунда қуйидаги бир қатор тушунчаларга изоҳ бериб кетилган:

ёшлар (ёш фуқаролар) — 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар;

ёш оила — эр-хотиннинг иккиси ҳам 30 ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган 30 ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл);

ёш мутахассис — олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битирган, таълим муассасасини битирганидан сўнг олган ихтисослиги бўйича уч йил ичида ишга кирган ва маълумоти тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган ихтисослиги бўйича ишлаётганига уч йилдан кўп бўлмаган ўттиз ёшдан ошмаган ходим;

ёшлар тадбиркорлиги — юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ёш фуқаролар томонидан, шунингдек таъсисчилари ёш фуқаролар бўлган юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолияти.

Қонунга кўра, ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;
  • ёшларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш;
  • ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш;
  • ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш;
  • ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш;
  • ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатьий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш;
  • ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш;
  • ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш;
  • иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш;
  • ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт- шароитлар яратиш;
  • ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
  • ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб- қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора- тадбирлар тизимини амалга ошириш;
  • ёшларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқариш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан, яъни 2016 йил 15 сентябрдан кучга киради.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (117)
  • Йўқ (7)
  • Бироз (6)

Битта фикр

  1. Сайтда ҳар кунлик янгиликлар бериб борилиши менга ёқди. Уларнинг қисқа ва лўнда шарҳланиши айни муддао, яна имло хатосиз !

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига