Yangi hujjatlar

Ўзбекистонда юридик шахсларнинг бир қатор солиқ имтиёзлари бекор қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2013 йил 25 декабрь куни “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекканлиги ҳақида хабар берган эдим.

Мазкур Қонун асосида Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига 48 та турли мазмундаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Ўзбекистонда юридик шахсларнинг бир қатор солиқ имтиёзлари бекор қилинди.

Солиқ Кодексининг 158-моддасида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича имтиёзлар белгилаб берилган бўлиб, унга кўра юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан озод қилинадиган юридик шахслар рўйхати санаб ўтилган.

2013 йил 25 декабрда қабул қилинган Қонунга биноан, 158-модданинг биринчи қисмининг 1-банди чиқариб ташланди. Бу нима дегани?

Бу дегани ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, «Нуроний» жамғармаси ва «Ўзбекистон чернобилчилари» ассоциацияси мулкида бўлган, ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизини ногиронлар, 1941—1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ташкил этган юридик шахсларнинг фойда солиғини тўлашдаги имтиёзи бекор бўлди. Эндиликда мазкур юридик шахслар ҳам фойда солиғини тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Шунингдек, СК 158-модда иккинчи қисмининг 4 ва 6-бандлари ҳам чиқариб ташланди. Бунга кўра, эндиликда юридик шахсларнинг қуйидаги фойдаларига ҳам юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи жорий қилинди:
1) инвестиция фондларининг хусусийлаштирилган корхоналар акцияларини сотиб олишга йўналтириладиган фойдаси;
2) тўлиқ амортизация қилинган асосий воситаларни реализация қилишдан ёки тугатишдан олинган фойдаси.

Илгари юридик шахслар мазкур фойдалар учун фойда солиғи тўламас эди.

Худди шунингдек, мос равишда СК 156-моддасининг қуйидаги қисми чиқариб ташланди:

Инвестиция ва хусусийлаштириш инвестиция фондларининг ўз инвестиция портфелида турган хусусийлаштирилган корхоналар акцияларидан дивидендлар шаклида олинган даромадларига солиқ солинмайди.

Эслатиб ўтаман, Солиқ Кодексига биноан қуйидаги юридик шахслар фойда солиғидан озод қилинган:
1) даволаш муассасалари ҳузуридаги даволаш-ишлаб чиқариш устахоналари;
2) жазони ижро этиш муассасалари;
3) ички ишлар органлари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмалари.

Шунингдек, юридик шахсларнинг қуйидаги фойдаси юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан озод қилинган:
1) протез-ортопедия буюмлари, ногиронлар учун инвентарлар ишлаб чиқаришдан, шунингдек ногиронларга ортопедик протезлаш хизмати кўрсатишдан, ногиронлар учун мўлжалланган протез-ортопедия буюмлари ва инвентарларни таъмирлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатишдан олинган фойдаси;
2) шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан, шу жумладан йўналишли таксидан ташқари) йўловчиларни ташиш бўйича хизматлар кўрсатишдан олинган фойдаси;
3) тарих ва маданият ёдгорликларини таъмирлаш ҳамда қайта тиклаш ишларини амалга оширишдан олинган фойдаси;
4) Халқ банки томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлардан фойдаланишдан олинган фойдаси.

Ишловчилари умумий сонининг 3 фоизидан кўпроғини ногиронлар ташкил этган юридик шахслар учун юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи суммаси ушбу қисмда белгиланган нормадан ортиқ ишга жойлаштирилган ногиронларнинг ҳар бир фоизига юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг суммаси бир фоиз камайтириладиган ҳисоб-китоб асосида камайтирилади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (8)
  • Йўқ (4)
  • Бироз (3)

Битта фикр

  1. АГАР НОГУРОН БОШКА ВИЛОЯТГА БОРИБ ДАВОЛАНИШ ИСТАГИДА БЎЛСА У ХОЛДА ТЕМИР ЙЎЛ ЧИПТАСИГА ИМТИЁЗ БОРМИ

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига