Янги ҳужжатлар

ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ПРИНЦИПЛАРИ

ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ПРИНЦИПЛАРИ – жиноятчилик ва айрим турдаги жиноятларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф қилиш, камайтириш ва нейтраллаштириш, шунингдек, ҳаёт тарзи ёки хулқи жиноят содир этиши мумкинлигидан далолат бериб турган шахсларни бундай йўлдан қайтаришга қаратилган давлат органлари ва жамоатчилик томонидан амалга ошириладиган чоралар тизими. Жиноятчилик профилактикаси қонунийлик, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва илмийлик принципларига мос равишда амалга оширилмоғи лозим. Жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган фаолиятнинг қонунийлиги дейилганда, профилактиканинг вазифалари, усуллари ва шакллари, бу вазифаларни амалга оширувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва ҳ.к.нинг қонун ва б. норматив ҳужжатлар б-н етарлича ҳуқуқий тартибга солинганлиги тушунилади. Жиноятчилик профилактикасининг демократизм принципи ушбу фаолиятнинг: тегишли даражадаги вакиллик ҳокимияти органларнинг назорати остида; жамоат ташкилотларининг бевосита иштирокида ва назорати остида; жамоатчилик фикрининг мониторингини доимий равишда ҳисобга олган ҳолда амалга оширишини назарда тутади. Профилактик фаолиятнинг инсонпарварлик ва одиллик принципи – ушбу фаолият олиб борилаётган шахсларга нисбатан ҳуқуқсиз объектлар эмас, балки профилактика органлари б-н бўладиган муносабатларнинг субъектлари сифатида қаралишини, шахс, жамият ва давлатга етказиладиган зарарни камайтириш учун криминоген жараёнларни эртароқ аниқлаш ва олдини олиш вазифасини тушунтиришдан бошланиши лозимлигини назарда тутади. Профилактиканинг илмийлик принципи – жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни ҳуқуқий тартибга солиш, шунингдек, бевосита профилактика чораларини амалда қўллашнинг жиноятчиликнинг олдини олиш фаолиятининг қонуниятларини, унинг ижтимоий тизимдаги ўрнини билишга асосланган илмий концепциянинг ишлаб чиқилишини талаб қилади. Профилактик фаолиятнинг барча даражалари, босқичлари, йўналишлари ва турлари илмий–услубий жиҳатдан таъминланиши лозим. Жиноятчилик қонуниятлари тўғрисидаги илмий билимларни амалда қўллашда илмий асосланган стратегик ва тактик чоралар кўзда тутилиши, жиноятчилик профилактикаси б-н боғлиқ бўлган қонунлар ва бошқарув меъёрларини криминологик ва комплекс экспертизадан ўтказиш мақсадга мувофиқ. (муал. – К.Пайзуллаев)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига